“Туронбанк” маҳаллаларга китоблар совға қилди
Китоб чин маънода хазина, ҳақиқий дўст, илм сарчашмасидир. Зеро, китобга бўлган эътибор, меҳр ҳар қандай инсонни маънавий юксакликка элтади.
Эътироф этиш керакки, бугун маҳаллаларда ҳам мўъжазгина кутубхоналар ташкил этилаётгани кексаю ёш учун айни муддао бўлмоқда.
Навоий вилоят Навбаҳор туманидаги Қоровултепа маҳалласида бугунги кунда 3 минг 265 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада 856 та оила, 692 та хонадон мавжуд. Ҳудуд 2023 йилда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” дастури доирасида ҳақиқий обод манзилга айланган.
Замонавий кўриниш олган маҳалла биносида мўъжазгина кутубхона ташкил этилиб, жавондан минглаб китоблар жой олди. Қайд этиш керакки, “Туронбанк” АТБ Навоий банк хизматлари маркази томонидан мазкур маҳалла кутубхонасига мингта ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналаридан ташкил топган китоблар жамланмаси совға қилинди.
– Маҳалламиз драйвери чорвачилик ва деҳқончиликка қаратилган. Ҳудудимиз обод бўлгани сари одамларимизнинг дунёқараши, маънавияти ҳам юксалиб бормоқда. Китобхон оилалар, китобхон ёшлар сафи кенгайиб бораётгани эса қувонарли. Маҳалламиз биносидаги кутубхонада китобларни бемалол ўқиш учун ўқув зали ҳам ташкил этилган. Маънавият масканимизнинг янги китоблар билан бойитилишига муносиб ҳисса қўшган “Туронбанк”дан миннатдормиз, - дейди “Қоровултепа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ойбек Қудратов.
“Бешработ” маҳалла фуқаролар йиғини Навбаҳор тумани марказида жойлашган. Ўтган йили маҳалла янги бинода иш бошлади. Бу ерда ҳам ўзига хос зиё маскани - кутубхона очилган. Кутубхона фонди “Туронбанк” АТБ Навоий банк хизматлари маркази томонидан топширилган 500 та китоб билан янада бойиди.
“Туронбанк” АТБ Навоий банк хизматлари маркази маънавий юксалиш йўлидаги бу каби ташаббусларга ҳамиша камарбаста.
[gallery-18787]
– Бу эзгу ишлардан кўзланган асосий мақсад ёшлар орасида китобхонлик даражасини янада юксалтиришдир, - дейди “Туронбанк” АТБ Навоий банк хизматлари маркази раҳбари Зуҳриддин Ҳамроев. – Китоб кириб борган жойга маънавият киради. Маънавият юксак жойда эса тараққиёт бардавом бўлади. Маҳаллаларда ташкил этилган кутубхоналар тез орада маҳалла ёшлари билан гавжум масканлардан бирига айланади, деган умиддамиз. Энг муҳими, жамоамиз томонидан тақдим этилган китобларнинг аксарияти ўқувчилар учун қизиқарли ва нодир асарлар саналади. Келгусида ҳам бу каби хайрли ишларни изчиллик билан давом эттирамиз.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА