Урганч шаҳридаги ҳарбий қисмда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактабларининг 10-11 синф ўқувчилари ўртасида "Турон йўлбарслари" республика ҳарбий спорт мусобақасининг Хоразм вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар онгига миллий қадриятларни чуқур сингдириш мақсадида Президент, ижод, спорт ҳамда ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчиларининг “Ватан таянчи” аъзолари ўртасида “Турон йўлбарслари” ҳарбий-спорт мусобақасининг Хоразм вилояти ҳудудий босқичи кескин ва муросасиз руҳда ўтди. “Темур тузуклари” билимдони, камондан ўқ отиш, қуролни тўлиқ бўлмаган қисмларга ажратиш ва йиғиш, спорт қуролидан ўқ отиш, биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиш каби 9 та шарт асосида ғолиблик учун кечган беллашувда ҳар бир жамоа ўзининг нечоғли кучли, абжир ва чаққон эканини исботлади.
– Мамлакатимизда амалга оширилаётган Ёшларга оид давлат сиёсати доирасида ўқувчи-ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишларга жамоатчилик вакили сифати биз ҳам кўмаклашамиз, – дейди Мудофаа вазирлиги фахрийлар кенгаши аъзоси, захирадаги подполковник Норбой Машарипов. – Иштирокчилар эпчил, чаққон, сергак ва билимдон. Ўғил- қизлар юксак ватанпарварлик, маънавий, ахлоқий-руҳий, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбияланиб, уларда Ватан тақдири учун дахлдорлик ҳисси юксалаётгани яққол сезилмоқда.
Янгибозор туман ихтисослаштирилган мактабининг “Ватанпарвар” жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, мусобақанинг мамлакат босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Урганч шаҳар 1-сон ихтисослаштирилган мактабининг “Урганч лочинлари” жамоаси иккинчи, Хива шаҳридаги Президент мактабининг “Паҳлавон Маҳмуд” жамоаси учинчи ўринга муносиб топилди.
– Биз мусобақага йил давомида дарслардан бўш пайтларимизда тайёргарлик кўрдик, – дейди Хива шаҳридаги Президент мактабининг “Паҳлавон Маҳмуд” жамоаси аъзоси Валижон Норимов. – Мактабимизда бунинг учун барча шароит яратилган. Устозларимизнинг ўгитлари ва бугун мусобақада бажарган ҳаракатларимиз, олган билимларимиз ҳарбий хизматни ўтаётганимизда ҳам қўл келади, деб ўйлайман.
[gallery-21675]
Бу каби ҳарбий ўйин ва спорт мусобақаларини ўтказиш, ўқувчиларнинг ҳарбийлар билан бевосита учрашувларини ташкил этиш ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини ошириш уларнинг ҳарбий хизматга тайёргарлик босқичини ўташга йўналтирилган.
Ташкилотчилар томонидан мусобақа ғолибларига эсдалик совғалари топширилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари