Турон йўлбарслари: янги иқтидорлар кашф этилмоқда
Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида “Турон йўлбарслари” ҳарбий-спорт мусобақасининг республика босқичи ўтказилди. Унда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент, ижод, ихтисослаштирилган, спорт мактаблари ва мактаб-интернатларининг “Ватан таянчи” отряди аъзолари қатнашди.
Мусобақада 15 жамоа 9 шарт бўйича ўзаро беллашиб, ўз имкониятларини синовдан ўтказди. Муҳими, бу шартлар иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, ҳарбий кўникмалари ва жамоавий ҳамкорлик даражасини аниқлашга хизмат қилди.

Якунда биринчи ўринга Муҳаммад Юсуф номидаги Андижон вилояти ижод мактаби жамоаси лойиқ кўрилди ва мутлақ ғолиб деб топилди. Улар мусобақа кубоги, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Иккинчи ўринни Ҳалима Худойбердиева номидаги Сирдарё вилояти ижод мактаби, учинчи ўринни эса Эркин Воҳидов номидаги Фарғона вилояти ижод мактаби жамоаси эгаллади.

Шунингдек, мусобақа давомида куч ва маҳоратларини намоён этган жамоа аъзолари турли номинациялар бўйича қуйидагича тақдирланди. Жумладан, “Энг уюшган жамоа номинацияси” – Гулистон туман ихтисослаштирилган мактаб интернати жамоасига, “Энг билимдон жамоа номинацияси” – Янгибозор туман ихтисослаштирилган мактаб интернати жамоасига, “Энг чаққон жамоа номинацияси” – Нишон тумани ихтисослаштирилган мактаби жамоасига муносиб этди.
Қайд этилганидек, мамлакатимиз келажагини белгилашда шижоатли, мақсадни аниқ қўйиб шу асосда ҳаракат қилаётган ёшларнинг ўрни катта. Уларнинг баркамол бўлиб вояга етиши, илм-фан, замонавий техника ва технологияларни пухта эгаллаши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун етарлича шароитлар яратилмоқда.

А.Мусаев, ЎзА