Ўтган йили Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 7-10-синф ўқувчилари ўртасида театр санъати ва маданиятини кенг тарғиб қилишда мақсадида “Турон” мактаб театри республика танлови ташкил этилган эди. Танловнинг республика босқичида Навоий шаҳар 11-айрим фанлар чуқур ўқитиладиган ихтисослаштирилган мактабининг “Ибрат” жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, хорижга таълим саёҳати йўлланмасига эга чиққанди.
Жамоа 2024 йилнинг 25-30 ноябрь кунлари Туркия Республикасининг Истанбул шаҳрида бўлиб, Кадикўй театр залида Эркин Воҳидовнинг “Руҳлар исёни” спектаклини намойиш этганди.
Танловнинг бу йилги мавсумида 6-10 синф ўқувчиларидан иборат 45 288 та жамоа (ҳар бир жамоада 8 нафардан ўқувчи) иштирок этиш истагини билдириб, онлайн рўйхатдан ўтди.
Талабгор жамоалар жорий йилнинг 24-28 февраль кунлари бўлиб ўтган туман (шаҳар) босқичида 2 та шарт асосида ўзаро беллашди. Туман босқичида биринчиликни қўлга киритган 208 жамоа 11-29 март кунлари бўлиб ўтадиган ҳудудий босқичга йўл олди.
11 март куни Андижон ва Сурхондарё вилоятларида ҳудудий босқичга старт берилди. Танловнинг ҳудудий босқичида жамоаларнинг чиқишларини ҳаққоний баҳолаш мақсадида Тошкент шаҳридан ҳар бир ҳудудга 3 нафардан иборат ҳакамлар ҳайъати юборилмоқда. Шунингдек, ҳудудий босқич телекўрсатув шаклида ёзиб олинмоқда.
Бу йил ҳам танловнинг республика босқичида биринчиликни қўлга киритган жамоа хорижга таълим саёҳатига юборилади. Танловнинг республика босқичи эса июнь ойининг биринчи ўн кунлигида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.
А.РУСТАМОВ, ЎзА