Турон давлатининг бошқарув қонунлари
Туркий элларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида юксалишлар рўй бериб, буюк салтанат қурган, маданий ҳаётида улкан ютуқларга эришган – Соҳибқирон Амир Темур ҳукмронлик қилган даври темурийлар ренессансини бошлаб берган юксалиш босқичи сифатида ўзбек давлатчилиги тарихида айрича ўринга эга.
Давлатчилик тарихида темурийлар даврида яратилган асарлар, айниқса, туркий давлат бошқаруви тизимининг тенгсиз ёдгорлиги бўлмиш “Темур тузуклари” фанга маълум бўлганидан буён дунё шарқшуносларининг эътиборини ўзига тортиб келмоқда. Ушбу нодир асарнинг ёзилиш тарихи, давлат бошқарувидаги ўрни, матншунослик, манбашунослик хусусиятлари, нашрлари, тили ва жанри масалалари тўғрисида айтилаётган мулоҳазалар гўё уста ғаввос тубсиз уммонга шўнғиб, унинг бир четидан қўлига илинган инжуни кўтариб чиққандай гап. Таъкидлаш ўринлики, билим кишилари учун “Темур тузуклари” юзасидан бажарилмоғи керак ишлар ҳали ҳам олдинда турибди.
XIV юзйилликнинг иккинчи ярмидан давлатни бошқариш Амир Темур қўлига ўтиши билан маълум бир даврларда сўниб қолган иқтисодий, сиёсий, маданий ва ижтимоий ҳаётда жонланиш, ривожланиш бошланди. Ҳокимият ва маъмурий тизимни мустаҳкамлаш, қўлга киритилган ютуқларини сақлаб қолиш, келажак тараққиёт учун йўл-йўриқлар кўрсатиш, давлат сиёсий-ижтимоий тузумининг усулларини белгилаш, турли ижтимоий табақаларнинг вазифасини тайинлаш, давлат бошқарувининг низом-қоидаларини кўрсатиб бериш кун тартибидаги масалага айланди.
Айни масалани ҳал этиш учун Соҳибқирон Темурбек туркий бошқарув анъаналарига суянган ҳолда, давлатни идора қилиш усулини, сиёсатини, қонун-қоидаларини, расму одатларини, ахлоқ меъёрларини ўзида мужассамлаштирган низомнома сифатида «Темур тузуклари» асарини яратди.
Асар олдига қўйилган талаб жуда муҳим эди. Унда юзага келган янгиликлар, уларни мустаҳкамлаш, идора қилиш усуллари, эл киши (фуқаро - Соҳибқирон Темурбек таъбири)дан тортиб олиймансаб беглар ва амирлар феъл-атвори қандай бўлиши лозимлиги, давлат қурилиши, иқтисод ва хўжалик, маърифат ва ободончилик, давлатни барқарор ривожлантириш, умуман сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, моддий-маданий, ахлоқий-тарбиявий масалаларга ўша давр талаби нуқтаи назаридан йўл-йўриқлар кўрсатиш, жавоб бериш керак эди
Султон Темурбек янги давр, янги босқичнинг қонуншуноси ва мафкурачиси сифатида мана шу масалаларга жавоб берди. Бу давр қонунчилик ва давлат бошқаруви тизимида янги босқич саналади. Бу кезда ҳокимиятда, мафкурада, маданиятда, маънавиятда, дунёқарашда янги ўзан очилди. Ана шуларнинг бари тузукларда акс этди ҳамда қонунчилик тараққиётида ўтмиш туркий давлатлар қонунчилигидан улгу олган, тузукларга асосланган бошқарув тизимининг янги, ўзига хос даври бошланди. Ясага асосланган эски қонунчилик ўз ўрнини тузукларга бўшатиб берди.
Асарнинг ёзилиши билан боғлиқ айрим ишораларни тарихчи Ибн Арабшоҳнинг “Ажоиб ал-мақдур фи тарихи Таймур” асарида кўриш мумкин. У ёзади; “1370 йил мартида Амир Темур Самарқандга қайтиб, уни ўз давлатининг пойтахти қилиб, кейин қонунларни ва ўз ҳокимияти давлат тузумини тартибга солди”. Тархчиларнинг гувоҳлик беришича, Темурбек ҳар бир ҳаракати ва амалга оширган ишларини, давлат бошқаруви билан боғлиқ тажрибаларини ниҳоятда дақиқлик билан қайд эттириб борган. Бу ҳақида Шарафиддин Али Яздий шундай дейди: “Саййидлар, олимлар, фақиҳлар ва билим эгалари, шунингдек, уйғур бахшиларию форс адиблари Соҳибқиронга сафарда ҳам, уйда ҳам узлуксиз мулозимликда бўлган эканлар. Фармонга мувофиқ улардан бир гуруҳи мунтазам равишда ул Ҳазратнинг юриш-туриши ва гап-сўзларида, мулк, миллат ва аркони давлат аҳволида нимаики гап бўлса, тўла-тўкис ёзиб борардилар. Бу ишда муболаға қилинмасин, деб алоҳида таъкидлаб буюрилган эди. Шу йўсинда туркий манзума ва форсий қисса, ҳар бири ул Ҳазратнинг юриш-туришидаги энг йирик воқеаларни қамраб олган назм ва наср қаламига олинган эди”. Соҳибқироннинг ушбу ҳаракатларининг замирида буюк давлатчилик тажрибасини кейинги авлодларга қолдириш, ўғил-қизларнинг улардан улгу олиши, туркий давлатчилик анъаналарининг мангу қолиши эзгу истаги ётган.
Асарни эски ўзбек тилидан форс тилига ўгирган Мир Абу Толиб ал-Ҳусайний ат-Турбатий қўлёзма бошида “Темур тузуклари” ҳақида шундай деган: “...икки шариф ҳарам соҳиби ва Яман ҳокими Жаъфар Бостонийнинг китобхонасида бир китобга кўзим тушди, уни [ўқиб] кўрсам бошдан-оёқ ҳаммаси Соҳибқирон Амир Темур Кўрагоннинг ўз сўзларидан [иборат] экан, етти ёшидан етмиш тўрт ёшигача бошдан кечирган воқеаларни ёзибди, яъни қандай қилиб ўзини султонлик мартабасига етказган ва не ҳосият бирла етти иқлим мамлакатларига фармонраво бўлган. Уни бошдан-оёқ ўқиб чиқсам подшоҳлик қонуни ва давлат тузуми, мулк олиш қоидалари, аскар ва раият интизоми, мулк ва мамлакатни бошқариш усули, уруш ва саф тузиш қоидаларини ўз ичига олган экан. Уни форс тилига таржима қилиб, китоб ҳолига келтирдим, токи подшоҳларга қўлланма бўлар”.
Асар икки бўлимдан иборат бўлиб, унинг биринчи қисмида салтанатни бошқариш билан боғлиқ кенгаш ва тадбирлар ўрин олган бўлса, иккинчи қисмида Амир Темурнинг ворисларига айтган ўгитларилари жой олган. Унда давлатни бошқаришда кимларга таяниш, тожу тахт эгаларининг тутими, саркардалар ва вазирларни тайинлаш сингари масалалар хусусида ҳам сўз боради.
Соҳибқирон давлат аҳамиятидаги барча тадбирларни кенгашиб амалга оширган. Бу масалалар тузукда бирор тадбирни бажаришда амалга оширишган кенгашим дея берилади. Аслида, кенгаш чақириш Темурбекнинг муҳим фазилатларидан бири бўлган. У доимо бирор бир масалани ҳал этиш ёки муайян бир тадбирни амалга оширишдан олдин шу соҳа эгалари, олиму уламолар билан кенгашар, сўнгра аниқ ва қатъий қарор қабул қиларди. Али Яздийнинг ёзишича, кўпинча Соҳибқирон математика, астрономия, тиббиёт, тарих, фалсафа, адабиёт ва тил билими, илоҳиёт ва дин соҳасидаги етакчи мутахассислар билан суҳбатлар ўтказарди. Шу жиҳатдан тузукларда келган Соҳибқирон Темурнинг ўн икки ижтимоий тоифа билан ҳамиша кенгашиб иш кўргани бежиз эмас. У ҳар бир тоифанинг давлат бошқарувида тутган ўрни ва аҳамиятини айрича қадрлаган.
«Темур тузуклари» асари чингизхонлар ҳукмронлиги емирилиб, ўрнига ерли аҳоли орасидан чиққан юрт эгаларининг ҳокимият тепасига келиши, ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаш учун тинмай кураш олиб бораётган бир даврда ёзилгандир. Давлат бошқарув амалиётида давлатнинг бош қомуси англамида “тузук” атамасининг қўлланилиши ҳам Темурбек номи билан боғлиқ. Бунинг исботини буюк саркарда ва юрт эгасининг тузукларидаги маълумотлардан, ўша замон тарихчиларининг Темур ва темурийлар фаолиятига бағишланган асарларидан топамиз. Шу боис, давлатчилигимиз тарихида қонунлар мажмуаси англамида “тузук” атамаси киритилди. Бу тўғрида Соҳибқироннинг ўзи қуйидагиларни ёзади: «...Салтанат қуриш ва давлат тутиш бобида ўзим қўллаган ишларни бир неча тузукка боғладим ва салтанатни бошқариш ҳақида қўлланма ёзиб қолдирдим...» Темур салтанатнинг бошқарув ҳақида баҳс очиб, низом – қоидалар тизимини яратди. Шу жиҳатдан «Темур тузуклари» асарини ХIV–ХV аср Турон давлатининг бошқарув қонунлари дейиш ўринли.
«Темур тузуклари» асарида “тузук” моҳиятини белгиловчи яна шундай сўзлар бор: «Салтанатни бошқаришимда учраган ҳар қандай воқеа ва ишни тўра ва тузук асосида адо этдим».
Султон Темурбек қурган давлатнинг бошқарув тизимини ўрганишда бош манба ўрнида турувчи асарда келтирилган ушбу қайдлар юрт эгасининг ўз тилидан айтилмоқда. Асарни ўқишда давом этамиз: «Дину шариат ишлари тузукини тартибга келтирганимдан кейин, салтанатим корхонасининг тузукини тузишга киришдим». Асардан олинган ушбу узунди мазмунидан ҳам Темурбек салтанат бошқарувида тузукка асослангани ойдинлашмоқда.
Умуман, Соҳибқирон Амир Темур тузуклари давлат бошқаруви акс этган қуруқ назарий қарашлар эмас, балки юртга эгалик қилган, маъмурий тизимнинг барча юкини елкасига ортган, туркий давлатчилик анъаналари ва ўзининг бошқарув тажрибасида синовдан ўтказган ҳукмдор-амалиётчининг кўрсатмаларидир.
Қудратулла Омонов,
Тошкент давлат шарқшунослик университети
профессори, филология фанлари доктори