Турли миллат вакиллари ўзбекча куйлашди
М.В.Ломоносов номли Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. “Ёшлар маънавияти нечоғли кучли бўлса, шу даражада улар ёт ғоялар, ҳодисалардан ҳимояланган бўлади” мавзусида ташкил этилган учрашувда Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият вазирликлари мутасаддилари, пойтахтимизда жойлашган бир қатор хорижий олий таълим муассасалари филиаллари масъуллари, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Давлатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг дастлабкиси - ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қиладиган чора-тадбирларга ҳамоҳанглиги билан аҳамиятли.


Умуман олганда, бундай учрашувлар мутлақо янги тизим асосида амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, ёшларни тўғри тарбиялаш, талабаларда ватанпарварлик туйғуларини уйғотишга ёрдам беради.
Анжуман доирасида М.В.Ломоносов номли Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали томонидан «Ялла» вокал-чолғу ансамбли қўшиқларини ижро этиш бўйича ташкил этилган онлайн-конкурс якуний натижалари ҳам эълон қилинди.


Октябрь ойи мобайнида давом этган танлов дастурига кўра, турли миллат вакилларидан иборат мазкур олий таълим муассасаси талабалари «Ялла» жамоаси аъзолари репертуаридан ўрин олган ўзбек тилидаги кўплаб ашулаларни ҳам маҳорат билан куйлашди. Табиийки, иштирокчилар ижросини баҳолашда ҳакамлар ҳайъати ана шу жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратишди.
Тадбир сўнгида мамлакатимизнинг афсонавий ижодий гуруҳи раҳбари, «Ўзбекистон халқ артистлари клуби» раиси Фаррух Зокиров танлов ғолиб ва совриндорлари ҳамда бир неча шартлар бўйича эътироф этилган энг фаол иштирокчилар сафидан ўрин олган 7 нафар талабага диплом, эсдалик совғалари топширди.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА