Туркия Республикасининг Хорижлик турклар ва қавм жамиятлар идораси (YTB) раиси ўринбосари Сайит Юсуф Тошкент давлат шарқшунослик университетига ташриф буюрди.
Ташриф давомида ТДШУ ва YTB ўртасида амалга оширилган ишлар ва истиқболли лойиҳалар, жумладан, университет талабаларининг Туркия Республикасида стажировка ва амалиёт ўташ масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Сайит Юсуф сўнгги йилларда университетда талабаларга яратилаётган шарт-шароитлар, туркшунослик соҳасининг ҳозирги ҳолати ва истиқбол режалари, ТДШУ Туркия униврситетлари ва ташкилотлари, хусусан, Хорижлик турклар ва қавм жамиятлар идораси билан олиб бораётган тизимли ҳамкорликка юқори баҳо берди.
Тадбирда Туркия Республикасининг Хорижлик турклар ва қавм жамиятлар идораси томонидан 2021 йил апрель-июль ойларида “Евроосиё ёшлик мактаби” таълим дастури доирасида онлайн тарзда ташкил этилган ўқув курсларни мувафаққиятли тугатиб, 22-29 август кунлари YTB томонидан “Турк дунёси ёш лидерлари” дастури доирасида илк бор ташкил этилган маданий стажировкага Туркия Республикасига бориб келган ТДШУнинг бир қатор талабалари ўз таассуротлари билан ўртоқлашиб, мазкур ташкилот ва Сайит Юсуфга ўз миннатдорликларини билдирди.
Искандар Аҳмадов,
ТДШУ халқаро рейтинглар
билан ишлаш бўлими ходими