Туркиялик бокс мутахассислари Ўзбекистонда
Мамлакатимиз бокчиларининг халқаро майдонда, хусусан Парижда ўтган ёзги Олимпия ўйинларида 5 та олтин медалга сазовор бўлиши ортидан бир қатор давлатлар ўзбек бокс мураббийларига қизиқиш билдирмоқда.
Шу кунларда юртимизда меҳмон бўлиб турган Туркия бокс федерацияси бош директори Назим Далкиран, федерация мутахассиси Ҳусеин Келиш ҳамда бокс бўйича Туркия терма жамоаси мураббийи Алтар Калкишимдан иборат делегация Ўзбекистон бокс федерацияси мутасаддилари билан айни масала юзасидан музокара олиб бормоқда.
Куни кеча Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Шоҳид Тиллабоев, мамлакат миллий терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев билан учрашган меҳмонлар юртимиз чарм қўлқоп усталарининг сўнгги йиллардаги, айниқса ўтган Токио ва Париж олимпиадасида ҳеч бир давлат терма жамоаси қайд этмаган натижага эришгани оламшумул воқелик бўлганини таъкидлаб, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини билдирди.

Учрашув мобайнида келгусида ҳамкорликда иш олиб бориш, терма жамоалар ўртасида ўқув-йиғин машғулотлари ўтказиш, мураббийлар билан тажриба алмашиш борасида фикрлашилди.
Туркия бокс федерацияси бош директори Назим Далкиран ўзбекистонлик икки нафар мураббийни ишга жалб қилиш нияти борлигини, халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирди.
Ташриф давомида меҳмонлар терма жамоамиз иштирокидаги ўқув-машғулот жараёнларини кузатди. Шунингдек, Баҳодир Жалолов номидаги боксга ихтисослаштирилган спорт мактабидаги шарт-шароитлар билан танишиб, Ўзбекистонда олимпия спорт турларини тизимли ривожлантириш ишларига юқори баҳо берди.
Т.Рўзиев, ЎзА