Тошкентда Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида Қўшма божхона Кенгашининг 3-йиғилиши бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан Туркия Республикаси Божхона хизмати раҳбари – савдо вазири ўринбосари Ризо Турагай бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди.
Божхона қўмитасида бўлиб ўтган йиғилишда иккала давлат божхона хизмати раҳбарлари ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бир қатор масалаларни атрофлича муҳокама қилди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани эътироф этилди.
Бу иккала мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 2020 йилга нисбатан 1,5 баробарга ортиб, 2022 йилда 3,1 миллиард долларга етганида ҳам намоён бўлмоқда. 2022 йилда туркиялик ҳамкорлар билан тузилган ташқи савдо шартномаларининг қиймати 2020 йилга нисбатан 8 баробарга ортиб, 16 миллиард долларни ташкил этди.
Ўзбекистонга Туркиядан импорт қилинаётган товарларга нисбатан божхона қонунчилигида белгиланган преференция ва имтиёзлар самарали қўлланилмоқда. Масалан, 2023 йилнинг биринчи чорагида Туркиядан импорт қилинган товарларга нисбатан 46 миллион доллар миқдорида божхона имтиёзлари қўлланилган.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ташқи савдонинг шиддат билан ўсиши божхона соҳасидаги муносабатларга ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Ўзбекистоннинг бир қатор халқаро аэропортларида йўловчиларнинг божхона назорати соддалаштирилди. Божхона экспертизаси соҳасида янги йўналишлар жорий қилинди. Мамлакатимизда илк бор Таргетлаш ва хавфларни бошқариш маркази ташкил этилди.
Йиғилишда томонлар давлат чегаралари орқали товар ва транспортлар ўтиши ҳақида олдиндан ахборот алмашишни йўлга қўйишни янада жадаллаштиришга келишиб олди.
Давлат божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан шубҳали молиявий операциялар амалга оширилишининг олдини олиш, аниқлаш ва тўхтатиш соҳасида ҳамкорлик қилиш ва ваколатли иқтисодий операторларни ўзаро тан олиш таклифини илгари сурди.
Шунингдек, товарларнинг ташқи савдо операцияларига оид маълумотлар алмашинуви бўйича ўзаро сўровномаларни кенг йўлга қўйиш ва хавфларни бошқаришда маълумот алмашиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Йиғилиш якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга йўналтирилган бир қатор келишувларни имзолади.
Ташриф доирасида Туркия Республикаси Божхона хизмати раҳбари бошчилигидаги делегация Марказий божхона лабораторияси фаолияти билан яқиндан танишди.
Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар пойтахтимиздаги Миллий кинология марказида бўлди. Бу ерда меҳмонлар Марказда ташкил этилган «Ихтисослаштирилган ветеринария хизмати»нинг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.
Ихтисослаштирилган ветеринария хизмати янги биносида аҳолига қулай ветеринария хизматлари кўрсатиш учун муолажа, жарроҳлик, лаборатория, дорихона, рентген хоналари мавжуд бўлиб, хориждан келтирилган энг сўнгги русумдаги асбоб-ускуна ва қурилмалар билан жиҳозланган.
Марказ бўйлаб экскурсия ва хизмат итларининг кўргазмали чиқишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ш.Маматуропова, ЎзА