Бу эзгу иш Самарқанд давлат педагогика институти ва Орду университети ҳамкорлигида амалга оширилди.
Шу йилнинг 17–22 ноябрь кунлари Самарқанд давлат педагогика институти делегацияси Туркиянинг Орду ва Гиресун университетларида бўлиб, бир қатор илмий, маданий тадбирларда иштирок этди, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтариш бўйича муҳим келишувларга эришди.
– Туркияга бу галги сафаримиз ҳамкор олий таълим муассасалари билан алоқаларимизни янада кенгайтириш, амалдаги шартномалар ижросини жадаллаштиришга қаратилган эди, – деди Самарқанд давлат педагогика институти ректори, профессор Шаҳзода Негматова. – Орду университети ректори Орҳан Баш ва Гиресун университети ректори Йилмаз Cан билан ўтказилган мулоқотларимизда бу бош мавзу бўлди. Якунда иккала университет билан ҳам таълим, илм-фан ва маданият йўналишларида ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдик. Жумладан, Гиресунда институтимиз талабалари учун таҳсил олиш квоталари ошириладиган бўлди.
[gallery-26386]
Шунингдек, ERASMUS+ дастури доирасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўямиз. Сафаримизнинг энг муҳим натижаларидан бири, шубҳасиз, Орду университетида “Ўзбек тили ва маданияти маркази” очилишидир. Ушбу марказ университетда таҳсил олаётган туриялик ва хорижлик талабалар, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчиларга ўзбек тили ва адабиёти, маданият ва тарихимизни ўрганиш учун кенг имкониятлар яратади. Марказ очилиши муносабати билан бу ерда “Ўзбек маданияти ва миллий либослари” мавзусида конференция ўтказишга ҳам эришдик.
Гиресун вилояти ҳокими Меҳмет Фатиҳ Серденгешти Самарқанд давлат педагогика институти делегацияси билан учрашиб, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги яқин биродарлик алоқаларини мустаҳкамлашда таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА