Туркияда хавфсиз туризм дастури – амалда
Туркия Маданият ва туризм вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Туризмни тарғиб қилиш ва ривожлантириш агентлиги (ТГА) билан биргаликда Туркиядаги туризм соҳасида ишловчи ходимларни тўлиқ эмлаш ишларини бошлади.
Эмлаш дастури доирасида биринчи навбатда авиакомпаниялар ва аэропорт ходимлари, турар жой бинолари, сайёҳлик агентликлари ходимлари ҳамда профессионал гидлар эмланади. Бутун сайёҳлик соҳасида ишловчи ходимларни эмлаш ишлари, жорий йилнинг ёз мавсумигача якунланади. «Хавфсиз туризмни сертификатлаш дастури» доирасида Эмлаш дастури яқинлашиб келаётган ёз мавсуми учун халқаро саёҳатчиларни кутиб олиш, туризм ходимлари ва аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлашни мақсад қилган.
2020 йил июнь ойида «Хавфсиз туризмни сертификатлаш дастури» ишга туширилгандан буён Туркия соғлиқ ва хавфсизлик бўйича қатъий кўрсатмаларга амал қилмоқда ва хавфсизликни таъминлаш учун барча чора-тадбирларини кўрмоқда. Мавсум очилишидан олдин Маданият ва туризм вазирлиги томонидан мамлакатдаги туризм хизматларининг йил давомида очиқ қолишини таъминлаш мақсадида туризм соҳаси ходимларини эмлаш дастурига киритиш ишлари бошланди.
Эмлаш дастури Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликта амалга оширилади. Туризм ходимларини эмлаш дастури устувор йўналишларга мувофиқ ва «Хавфсиз туризмни сертификатлаш дастури» доирасида бошланди.
COVID-19га қарши курашиш ва дунёнинг энг хавфсиз жойларидан бири сифатида ўз мавқеини янада ошириш бўйича давомли саъй-ҳаракатлар доирасида, Туркия, дунёдаги биринчи ва энг муваффақиятли мисоллардан бири бўлган «Хавфсиз туризмни сертификатлаштириш дастурига» инвестиция киритишда давом этмоқда. Мамлакат сертификатлаш кўламини кенгайтириб, 30 ёки ундан ортиқ хоналарга эга бўлган мехмонхоналар учун ушбу дастурни мажбурий қилди. Ҳозирги кунга қадар 8 мингдан ортиқ объектлар сертификатланган.
Мамлакат туристик саёҳатларда В шаклидаги тикланишни кутаётганлиги сабабли, эмлаш учун туризм ишчи кучи биринчи ўринга қўйилган. Туркия 2021да соғлом ва хавфсиз сайёҳлик жойлари бўлишига ишонч ҳосил қилиш учун барча ҳаракатларни амалга оширмоқда ва халқаро саёҳатчилар учун хавфсиз саёҳат вариант сифатида энг яхши танловлардан бири бўлмоқчи.
Маълумки, Туркия Осиё ва Европа қитъаларини Босфор бўғози орқали бирлаштирадиган тенги йўқ манзил, маданий алоқаларнинг марказидир. Ўзининг ёқимли иқлимидан ташқари, асрлар давомида пайдо бўлган цивилизациялар хилма-хиллигини акс эттирувчи тарихи, табиати ва гастрономияси билан ҳам ташриф буюрувчиларни ҳайратга солади. Ҳар хил маданиятлар чорраҳасида жойлашган Туркия, анъанавий ва замонавийликнинг синтези бўлган санъат ва мода ҳақида ўзига хос тушунчаларга эга, жуда динамик бўлган савдо ва кўнгилочар ҳаёт тарзи билан бутун дунёдан сайёҳларни ўзига жалб қила олади.
Туркия 2020 йилги сайёҳлик мавсуми учун «Хавфсиз туризм сертификати дастури»ни амалга оширди. Соҳанинг асосий иштирокчилари томонидан тезкор равишда қабул қилинган ушбу дастур соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат ва ичимликлар, транспорт ва турар жойларни ўз ичига олган ва бошқа кўплаб соҳага тегишли муассасалар томонидан амалга оширилиши керак бўлган бир қатор тадбирларни ҳам маҳаллий аҳоли ҳам хорижий меҳмонлар учун белгилаб берди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА