Туркия Олий таълим кенгаши раиси бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида Туркия ҳамда Самарқанд вилояти олий таълим муассасалари ректорлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Очилов ва Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, профессор Рустам Холмуродов икки мамлакат олий ўқув юртлари ҳамкорлигининг янги даври бошланаётганини таъкидладилар.
- Ота маконимиздаги мислсиз ижобий ўзгаришлар бизни жуда қувонтирмоқда, - деди Туркия Олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар. - Ўйлайманки, биз ҳам бунда елкадош бўлиб, ҳамкорликда иш олиб боришимиз керак. Олий таълим ҳар қандай давлат тараққиётини таъминлайдиган асосий йўналишлардан бири сифатида жамиятдаги барча соҳалар билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, инсон ресурси, яъни малакали кадрлар тайёрлашдек энг муҳим вазифа олий ўқув муассасалари зиммасига улкан масъулият юклайди.
Бу жараёнда юксак салоҳиятли, юқори нуфузли Самарқанд давлат университетининг ўрни алоҳида. СамДУ Туркиянинг етакчи Истанбул, Анқара, Эгей, Мармара университетлари билан алоқани йўлга қўйган. Бугун ушбу даргоҳ раҳбари жаноб Рустам Холмуродов билан дилдан суҳбатлашиб, талаба ва ўқитувчилар ўртасида ўқув ҳамда тажриба алмашиш бўйича келишиб олдик.

Ўзбекистон ва Туркия олий таълим муассасалари ректорлари ўзаро суҳбатлар чоғи ҳамкорлик доирасида қўшма таълим дастурлари ташкил этиш, биргаликда турли йўналишда илмий изланиш олиб боришни маъқулладилар.
– Самарқанд ва Истанбул университетлари ҳамкорлиги Мирзо Улуғбек, Али Қушчилар даврига бориб тақалади, - дейди Истанбул университети ректори, профессор Маҳмуд АК. - Сентябрь ойида Самарқанд давлат университети куни муносабати билан ўтказилган байрам тантаналарида иштирок этгандим. Бу галги ташрифдан мақсад бирдамлигимизни янада кучайтириш. Айни жараёнда ташаббус кўрсатаётгани учун СамДУ раҳбариятига миннатдорлик билдираман. Ўзбекистонда ўзбек-турк университети ташкил қилиниши ҳамкорлик алоқалари тарихида янги саҳифа очиши шубҳасиз. Биз Ўзбекистонни, Самарқандни жуда яхши кўрамиз!
Отабек Саъдуллаев,
СамДУ ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов (сурат)