Туркия дунёнинг «Севимли манзил»и дея эътироф этилди
Йиллар ўтса-да, ёддан чиқмайдиган тўйларни ташкиллаштириш бўйича илғор тажрибага эга бўлган Туркия, дунёнинг етакчи ҳашаматли тўй ташкилотчилари бирлашмаси RSVPнинг – “RSVP Гала мукофотини топшириш маросими"да дунёнинг энг «Севимли манзили» дея эътироф этилди.
RSVP ҳашаматли тўйлар ва зиёфатлар дунёсини бирлаштирадиган таниқли платформа бўлиб, симпозиумлар, конференциялар, тақдирлаш маросимлари ва тармоқ тадбирларини ташкил қилади. 2018 йилдан бери ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинаётган RSVP анжумани глобал ҳашаматли тўй ва зиёфатлар саноатида етакчи тадбир ҳисобланади.


RSVPнинг бу йилги йиғилиши Испания пойтахти Мадридда ўтказилди. Конференцияда 30 мамлакатдан 250 га яқин соҳаси мутахассислари иштирок этди. Конференция доирасида барқарор ташкилотлар, брендинг, тўй ва тадбирлар секторидаги тенденциялар бўйича турли симпозиумлар ўтказилди.

Конференцияда Туркия «Мақсад» номинациясида «Севимли манзил» мукофоти билан тақдирланди. Истанбул дунё миқёсидаги кенг қамровли маросим ва тантаналарни аъло даражада ташкиллаштира олиши ва ҳозирги замонавий шаҳарлардан бири эканлиги таъкидланиб, навбатдаги конференция 2024 йил 2-5 апрель кунлари Истанбулда ўтиши эълон қилинди.
ЎзА