
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Аҳмет Байтурсинули номидаги Тилшунослик институти, Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университети ҳамда Мухтор Авезов номидаги давлат университетининг Ўзбекистондаги филиали билан ҳамкорликда “Туркий тиллар тадқиқининг компаратив ва диалектологик аспектлари: ўтмиш, бугун ва келажак” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.
Конференция таниқли тилшунос олим Шора Шамғалиули Сарибаев таваллудининг 100 йиллигига бағишланди.
Мазкур анжуман туркий халқлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларнинг тил, маданият ва қадриятларидаги муштаракликни тадқиқ этиш ҳамда бугунги кун туркологиясининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов ўз нутқида туркий халқларнинг қадимий тарихи, илм-фан ва маданият ривожига қўшган ҳиссасига эътибор қаратиб, туркий халқларнинг “балоғатли идроки” уларнинг мақолларида, турмуш тарзи ва илмий фаолиятида ҳам яққол намоён бўлганини таъкидлади. Шунингдек, у машҳур олим ва мутафаккирлар – Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Замахшарий, Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби шахсларнинг меросига алоҳида урғу берди.

Конференция маърузаларида Шора Сарибаевнинг ибратли ҳаёт йўли, серқирра илмий фаолияти, айниқса, олтойшунослик, диалектология ва лексикографиядаги ютуқлари таъкидланди.
Маърузачилар Шора Сарибаевнинг нафақат Қозоғистон, балки халқаро миқёсда эътироф этилган, ўзининг илмий мактаби, бой кутубхонаси, диалектал сўзлар коллекцияси ва фундаментал тадқиқотлари билан танилган олим экани, туркология ривожига қўшган ҳиссаси хусусида тўхталди.
Шора Сарибаевнинг фарзандлари – Қозоғистон Республикаси давлат ва жамоат арбоби, дипломат Қайрат Сарибай, Абилайхон номидаги Халқаро алоқалар ва жаҳон тиллари университети профессори, филология фанлари номзоди Майра Сарибай Сарибаевлар сулоласи вакилларининг жамият ҳаёти ва илм-фан ривожида тутган ўрни, соҳадаги долзарб масалалар ҳақида тўхталди ҳамда анжуман ташкилотчиларига миннатдорлик билдирди.

Конференция давомида туркий тилларнинг компаратив таҳлили, диалектология соҳасидаги янгиликлар ва уларнинг замонавий тилшуносликдаги аҳамияти ҳақида бир қатор қизиқарли маърузалар тингланди.
Тадбир якунида Ўзбекистон ва Қозоғистон олий таълим муассасалари ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, туркий тиллар бўйича илмий ишларини биргаликда олиб бориш бўйича келишувларга эришилди.
Н.Усмонова, ЎзА