Туркий оилада ўзбекча оҳанг
Она тилим – олтин сандиғим
Она тилим – олтин сандиғим
Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғотит-турк” асарида “тил” сўзининг тўртта маъноси айтилган. Шулардан бири “асир”, “тутқун” мазмунида келади.
Миллат дарахтининг ўқ томирларидан бири тилдир. Барчамиз шу улкан дарахтнинг салқинидамиз. Бугунги тезлашган дунёда бу дарахтнинг ҳар бир илдиз-у япроғини асрашга, умрини узайтирмоққа, миллий кенгликни янада кенгайтириб, туркий тиллар оиласига кирувчи тилимизни тобора гўзал қилмоққа барчамиз бурчлимиз. Қуйидаги сўзлар товланишига қурилган матн ўйлаб топилмаган, ясалмаган, билъакс излаб топилган.
Қадимда Кўкибийнинг ҳаворида тўқсон олти бовли ўзбекнинг Қўнғирот уруғидан чиққан Эрманбой деган чорвадор бой яшар эди. Қўйининг ҳисобини биров билмасди, чўпонлари баҳор юртга кўчиш маҳалида сурувларни бу йил қирқ чиқарса, кейинги йил қирқ бир чиқаради. Йилқиси уюрланиб юрар эди, бунинг сонини билиш учун барисини бир жойга йиғиш керак эди. Йилқи жонивор эркталаб келади, йилқибоқарлар бир жойга йиғолмай гаранг эдилар. “Йилқи қанча?” дейишса, йилқичилар: “Шунча ¬– Худонинг берганича, банданинг олганича!” деб қўяр эдилар.
Ана шу Эрманбойга тақдир олти ўғил берди. Тўрттаси ёлқи туғилди, иккита кенжаси эгиз бўлди. Ўғилларига Эрманбой шундай исм берди: Бойбўри, Бойқўзи, Бойкўл, Бойқамиш, эгизлари Пичоқбой ва Қайроқбой деб ном олди. Бойбўриси туғма тиш билан туғилган, Бойқўзиси чорвадор тўл олиш маҳалида бино бўлган, Бойкўли кузакда, кўл бўйида дунёга келган, Бойқамиши баҳор юртга кўчиш чоғи туғилганди, шошилинчда қамишчий устида воқе бўлган эди. Эгизакларини эса бир тиғга бир қайроқ ҳамиша керак ¬– ўз оти билан Пичоқбой, Қайроқбой қўйишганди.
Шул ўғлонлар вақти вояга келиб, камолга ета бошладилар. Эрманбой уларнинг тўнғичи Бойбўрини уйлантирди, тўй бўлиб ўтди. Эндигина бир ҳафталик келининг фаҳм-фаросатини синамоқ ниятида аёлига гап солди.
– Кампир, келиннинг тилини кўрдингми? Боллими, аччими?
Кампири ҳам ҳозиржавоблик билан шундай деди:
– Бой бобоси бир жонлини жонсиз қилсин-чи, кейин кўрамиз-да келининг тилини...
Эрманбой эрталаб даштга – чўпонлар қошига боришини айтиб, отланиб чиқиб кетди. Ўғиллар ҳам ҳар қайсиси ўз юмуши билан кетдилар. ”Эркакка – эгар, аёлга – ўрмак”, деган гаплар ҳали амалда эди у вақтлар. Уйда қайнона-келин қолишди.
...Эрманбой дашт айланди, чорвадан хабарлашди. Бош чўпонлари билан бу йилги куз-қиш ҳақида маслаҳат қурди. Отнинг бошини тушга яқин овулга қараб бурди. Ўтови кўринадиган қир устига чиқди-да уйга қараб:
– Ҳов, кампир-ов! – деб овоз берди.
Ўтов ичида ўтирган келин-қайнона бойнинг чақираётганини эшитишди. Қайнона келинига: “Келин қаранг-чи, анов чоли тушмагур нима деётир?” – деди.
Уйдан бир қизил кўйлакли чиқди. Керага қошида кўриниш берди. Бой олисдан келинини таниди-да тушгача ўйлаб, пишитган гапини айтди:
– Қамишзорнинг нарёғида, кўккўлнинг берёғида бир қўзини бўри бўғизлаб кетибди. Пичоқ билан қайроқни тезда бировдан бериб юборинглар. Қўзини ҳалоллаб олайлик!..
Келин уйга қайтди. Қайнона унга савол нигоҳини тикди. Бир муддат эрганак-эшик олдида оёқ илган келин уйга кириб шундай хабар берди:
– Шовулламанинг нарёғида, жилдираманинг берёғида бир манграмани увиллама бўғизлаб кетибди. Шунга бой бобом кесама билан угамани бериб юборинглар, деяпти, – деди.
Келин ўтовга кириш асносида ўрнидан қўзғолган бойнинг кампири бу жавобни эшитиб жойига таппа ўтирди. Енгилгина “воҳ” деб юборди. Бир пасдан сўнг ўзига келиб тилга кирди:
– Ҳай, майли, кетган мол бўлсин, келинжон. Қўтондан чиқибди, энди қозондан чиқмасин. Сиз уйда ўтиринг – чиллалисиз. Пичоқ билан қайроқни ўзим бериб келаман.
“Қирқ қулоқли қозонда қулуннинг эти қайнасин” дея кўкрак кериб юрган хирмондай бойбича тик тепага етиб боргунча пишнаб қолди. Қирқ отар қўйи бўлган бойнинг сурувига жондор ораласа-ю шу ердаги ўнлаб чўпонларда пичоқ бўлмайдими? Ёки бу хабарни етказишга бойнинг ўзидан бошқа одам йўқмикан? Бу каби саволлар ҳақида ўйлашга фурсат ва фаросат керак. Буни келин топа билган эди. Уйи кўриниб турган тепалик тумшуғида бой билан кампири юзма-юз бўлдилар.
Ҳали бой гапирмай туриб кампир тилга кирди:
– Бул келин мени пичоқсиз сўйди, чол. Зукко экан – кўнглимдагидан ҳам зиёд чиқди. Энди бир жонлини жонсиз қилиб боринг, уятга қолмайлик...
Бой аёлидан келиннинг жавобини эшитиб, хурсанд бўлиб изига қайтди. Ва сурувнинг олди бўлган бир қўчқорни бўғизлатиб, отга ўнгариб уйга йўл олди.
Тилимизда ҳар бир сўзнинг руҳий ўлчовда ўз вазни, ҳарорати, босими, таъми бор. Бу сўзларнинг худди тирик инсон каби ўз ҳаёти, тарихи, жуғрофий, маънавий, сиёсий қисмати ҳам бор. Айрим сўзларимиз табаррук отага, баъзилари маъюс меҳрибон онага, баъзилари катта акага, айримлари мунис сингилга, эркатой укага, тағин баъзилари эса меҳмонга, мусофирга ва бетоб қарияга ҳам ўхшайди. Буни ҳис этмоқ, қутлуғ билмоқ завқи эса ниҳоятда тотлидир. Келинлар эр томонидагиларнинг исмини айтмаслик удуми ҳануз оз бўлса-да сақланган.
“Кесама” – Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғотит-турк” асарида ушбу воқеликдаги сўзлар қуйидагича берилган: “кесаси” – кесадиган, “угама” – “игула” – эговла, “кэрогу” – чодир, “борi” – бўри, “коl” – тўпланиб қолган сув, “қамич” – қамиш, “бiчак” – пичоқ, “қаjip” – қум. Қайир, қайрамоқ, қумқайроқ ва ҳакозо...
Шовуллама – қамишзор, жилдирама – сув манбаси, кўл, увиллама – бўри, манграма – қўй-қўзи.
Шодмонқул САЛОМ, ЎзА