Туркий дунёнинг муштарак мероси: бебаҳо қадриятларни дунёга танитиш йўлида
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида Туркий маданият ва мерос жамғармаси ҳамда ЎзА раҳбарлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Туркий маданият ва мерос жамғармаси – туркий халқларнинг умумий маданий ва тарихий меросини асраш, ўрганиш, тиклаш ва халқаро миқёсда тарғиб қилишга қаратилган халқаро ташкилот ҳисобланади.
Бош қароргоҳи Боку шаҳрида жойлашган Жамғарма маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, реставрация ва оммалаштиришга қаратилган ташаббусларни молиялаштиради. Шунингдек, маданий меросни ўрганиш билан боғлиқ илмий-тадқиқотларни қўллаб-қувватлайди, ушбу соҳада мутахассислар тайёрлашга кўмаклашади ҳамда семинарлар, конференциялар, кўргазмалар ташкил этади.
2025 йил Самарқандда ўтказилган ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессияси доирасида Жамғарма томонидан туркий дунё маданий меросига бағишланган кўп тилли каталог – “Туркий дунёнинг маданий коди”, шунингдек кўп жилдли “Туркий фольклор мероси” антологияси тақдим этилган.
Томонлар ўртасида кечган мулоқотда туркий халқларнинг бой маданий-тарихий меросини кенг жамоатчиликка етказиш, халқаро ахборот маконида янада кенг тарғиб қилишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳимлиги таъкидланди.
Хусусан, Жамғарманинг туркий халқлар умумий тарихи, маданияти, санъати, адабиёти ва маънавий қадриятларини асраб-авайлаш ҳамда дунё жамоатчилигига танитиш борасида амалга ошираётган лойиҳаларини ЎзА ахборот ресурсларида кенг ёритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, туркий дунё мамлакатлари ўртасида маданий ва ахборий алмашинувни кучайтириш, тарихий-маданий меросга оид ишончли ва сифатли ахборотни халқаро аудиторияга етказиш борасида қўшма медиа лойиҳалар амалга ошириш имконияти кўриб чиқилди.
Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти, профессор Ақтўти Раимқулова ЎзА билан мунтазам алоқани йўлга қўйишдан манфаатдорлигини билдирди.
– Туркий халқларнинг тили, дини ва маданияти бир, – деди Ақтўти Раимқулова. – Ўзбекистон туркий дунё учун улкан тарихий ва маданий аҳамиятга эга мамлакат. Бу заминда туркий халқларнинг кўп асрлик тарихи, бой маънавий мероси ва ноёб маданий анъаналари мужассам. Шу боис бу бебаҳо меросни асраб-авайлаш, чуқур ўрганиш ва уни дунё жамоатчилигига кенг тарғиб қилиш барчамизнинг умумий вазифамиздир. Жамғарма ва ЎзА ўртасида ахборот алмашинувини тизимли йўлга қўйиш, маданий тадбирларни биргаликда ёритиш ҳамда туркий халқларнинг умумий маданий меросини халқаро ахборот маконида кенг тарғиб қилиш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолаш ниятидамиз. Ишончимиз комилки, бундай ҳамкорлик туркий халқларнинг муштарак қадриятларини янада кенг тарғиб қилиш ишига муносиб ҳисса қўшади.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов Туркий маданият ва мерос жамғармаси билан ахборот алмашиш кўламини кенгайтириш, ходимлар тажриба ва малакасини тизимли ошириб бориш чораларини кўриш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.
Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Қораманас қишлоғида жойлашган 34-сонли мактабга атоқли қозоқ ёзувчиси, драматург, таржимон ва жамоат арбоби Раҳматулла Райимқулов номи берилгани алоҳида эътироф этилди.
2 сентябрь куни ушбу мактабда янги ўқув йили бошланиши ҳамда адиб хотирасини унинг она юртида абадийлаштиришга бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтади. Бундан ташқари, ёш авлодда китобхонлик маданиятини шакллантириш, ўқувчиларни адиб ижоди билан яқиндан таништириш ва ёзувчи адабий меросини кенг тарғиб этишга қаратилган маънавий-маърифий кеча ўтказилади.
Мазкур таълим масканига туркий адиб Раҳматулла Райимқулов номи берилиши ўзига хос рамзий аҳамият касб этади. Зеро, умумий маданий меросга нисбатан бундай юксак эҳтиром Қозоғистон ва Ўзбекистон халқлари тарихий яқинлиги, икки мамлакат маданий-гуманитар ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётганининг ёрқин ифодасидир.
Ўткир Алимов,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),ЎзА