Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтида «Туркий давлатлар ташкилоти: кеча ва бугун» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов иштирок этиб, туркий мамлакатлар билан алоқаларни ривожлантириш Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим жиҳати эканлигини қайд этди. Бу борада Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ўзаро ҳурмат асосидаги ҳамкорлик янгича аҳамият касб этиб бораётгани, Самарқанд шаҳрида ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Раҳбарларининг навбатдаги йиғилишининг аҳамияти тўғрисида сўз юритди.
Шунингдек, тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева мазкур ташкилотга Ўзбекистоннинг аъзо бўлиши, ТДТнинг ўзига хос жиҳатлари, ушбу ташкилотнинг ҳамкорлик учун кўп қиррали йўналишлари мавжудлиги хусусида тўхталди.
Шу билан бирга, Нахичеван битимининг 2-моддасига биноан тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданий, илмий-техник, ҳарбий-техник, таълим, энергетика, транспорт, кредит соҳаларида самарали минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ташкилотнинг муҳим мақсад-вазифалари эканлиги ва бу борада Ўзбекистон ўзига хос ўрин эгаллашини таъкидлади.
— Туркий давлатлар ташкилоти иштирокчи мамлакатлари халқлари тарихан бир илдизга эга, — деди Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова. — Шундай экан, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш улар учун алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур ташкилотнинг Ўзбекистонда бўладиган саммитининг аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу саммит Туркий давлатлар ташкилотининг илк йиғилиши сифатида тарихда қолади. Бунгача ташкилот Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи билан фаолият юритган.
Тадбирда «Туркий давлатлар ташкилоти ва унга аъзо давлатлар парламентлари» тўплами тақдимоти ўтказилди.
— Туркий давлатлар ташкилоти савдо, инвестициялар, инновациялар, транспорт, туризм, маданий-гуманитар алмашинувлар каби долзарб йўналишларда амалий шерикликни ривожлантиришга кўмаклашувчи самарали минтақавий тузилма ҳисобланади, — деди Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов тўплам тақдимоти бўйича қилган маърузасида. — Шунинг учун ушбу ташкилотга аъзо барча мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистон учун ТДТ доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш қўшни мамлакатлар билан ҳам, минтақадан ташқаридаги янги ҳамкорлар билан ҳам кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришга, ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади. Институтимиз томонидан ишлаб чиқилган мазкур тўплам нафақат миллий парламентимиз аъзолари, балки парламент ҳуқуқи бўйича илмий изланувчилар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун муҳим амалий қўлланма бўлиши шубҳасиз.
Тадбирда мазкур тўпламни бошқа хорижий тилларга таржима қилиш ва туркий тилли мамлакатларга юбориш хусусида таклифлар билдирилди.
М.Комилова, ЎзА