Туркий давлатлар саммити: муҳим ташаббуслар ва эътироф
Остона шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев туркий дунёни янада яқинлаштириш ва улкан салоҳиятини тўлиқ ишга солишга қаратилган, чуқур асосланган бир қатор муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Ҳозирга қадар Президентимиз томонидан туркий давлатлар раҳбарлари иштирокида ўтган йиғилишлар доирасида 50 дан ортиқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилган ва уларнинг аксарияти қўллаб-қувватланган.
Албатта, бу мамлакатимиз тоомнидан илгари сурилаётган ўзаро ҳамкорлик, тинч-тотув яшаш ва интеграция жараёнларини янада чуқурлаштириш, мамлакатлар орасидаги савдо, иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш каби эзгу ишларга ҳамоҳанг.
Бугун айрим ҳудудларда юз бераётган нотинчликлар мамлакатлар, халқлар ўртасида ҳамкорликни, тинчлик ва тотувлик, ўзаро дўстона алоқаларни мустаҳкамлашни тақозо этмоқда. Хусусан, Фаластин-Исроил можароси хавфли тус олиб низонинг кенг ёйилиб кетиш хавфи кучаяётганидан хавотир билдирган Президент томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларга барҳам бериб, ўт очишни тўхтатишга, гуманитар мақсадларда муросага келишга чақирди. Можарони тинч йўл билан, БМТ резолюцияларига мувофиқ ҳал этиш зарурлиги борасида Ўзбекистоннинг позицияси қатъий экани билдирилди.
Шунингдек, туркий халқлар бирдамлигини, уларнинг буюк ўтмиши ва бой маданиятини, азалий қадриятларини ифода этадиган Туркий дунё хартиясини ишлаб чиқиш, мамлакатлар ўртасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш, Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги тадқиқот марказини йўлга қўйиш, Ўзбекистонда ташкилотнинг Темир йўл идоралари кенгашини таъсис этиш, экология соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Туркий экология форумини тузиш ташаббуслари илгари сурилди.
Ижодий фикрлайдиган, истеъдодли ва шижоатли ёшлар истиқболда туркий дунёнинг янги Ренессансини барпо этишига ишонч билдирган Президентимиз уларни рағбатлантириш учун Ўзбекистонда Туркий дунё креатив ёшлари марказини очишни таклиф қилгани ёшлар учун чинакам қувончли таклиф бўлди.
Туркий давлатлар ташкилоти Давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга юксак мукофот – “Туркий дунёнинг олий ордени”нинг тантанали топширилиши давлатимиз раҳбарининг туркий халқлар оиласининг бирлигини мустаҳкамлашга, туркий мамлакатларнинг манфаатлари ва қарашларини халқаро майдонда фаол илгари суришга қўшган улкан ҳиссасининг чин маънода эътирофи бўлди.
Ишончим комилки, бугунги кунда тахминан 170 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган етти мамлакатни бирлаштираётган Туркий давлатлар ташкилотининг ушбу йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган таклифлар аъзо мамлакатлар ўртасидаги барча йўналишлардаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариши, ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, муҳим ташаббусларни илгари суриш ва ташқи сиёсий вазифаларни бажариш, бир-бирининг имкониятларидан унумли фойдаланиш учун қўшимча имконият яратади.
Дилноза Ходжаева,
Қўқон давлат педагогика институти ректори