Туркий давлатлар ҳамкорлиги эътироф этилди
Бугун “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари ва парламент назоратига оид масалалар кўриб чиқилди.
Йиғилиш аввалида фракция раҳбари А.Қодиров Президентимизнинг Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитидаги иштироки, мазкур саммитнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди:
— Бугунги глобал тезкор ўзгаришлар даврида Ўзбекистоннинг тинчликпарвар, ҳамкорликда ривожланиш сиёсати нафақат Марказий Осиё, балки Туркий давлатлар ўртасидаги тарихий ришталарни тиклаш ва кенгайтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу Туркистон саммитида яна бир бор ўз тасдиғини топди. Партиямиз ўз ғояларидан келиб чиқиб, тарихий, азалий қадрият ва анъаналари муштарак бўлган Туркий давлатлар ҳамкорлигини ва бу борадаги ҳар қандай саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди, — деди фракция раҳбари.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига давлат чегарасини қўриқлаш ҳамда ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
— Давлат чегараси орқали яширин йўллар қазиб, товар ва маҳсулотларни ташиш, ноқонуний олиб ўтиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани хавфсизлигимиз билан боғлиқ масаладир, — деди лойиҳага масъул депутат Г.Тожибоева. — Маълумотларга кўра, 2016-2025 йиллар давомида 12 та ер ости яширин йўллари аниқланган. Эндиликда мазкур қонун лойиҳаси билан давлат чегараси орқали товар-моддий бойликлар, хорижий валюта, қимматбаҳо металлар ва бошқа предметларни ноқонуний олиб ўтиш, божхона назоратини четлаб ўтиш билан боғлиқ ҳолатлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Яъни, давлат чегараси орқали ер остида ноқонуний қурилган иншоотлар, инфратузилма объектларидан фойдаланган ҳолда ноқонуний товар олиб ўтиш, божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгиланмоқда. Шунингдек, давлат чегараси орқали ер остида ноқонуний иншоотлар, туннеллар қуриш, улардан фойдаланиш ҳамда мазкур фаолиятни молиялаштириш учун ҳам жиноий жавобгарлик таклиф этилмоқда.
Муҳокамаларда бир қатор саволлар ўртага ташланди ва масъуллар томонидан тегишли жавоблар қайтарилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА