Миллий ўзликни англаш, мамлакатнинг тарихи, юртимиз истиқлоли учун умрини бағишлаган тараққийпарвар боболаримиз ҳаёти ва фаолияти каби масалаларга бугун ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтида жадид боболаримизнинг фаолияти, ижоди, синовларга тўлиб тошган ҳаётини ўрганиш борасида катта ҳажмдаги тадқиқотлар олиб борилмоқда. Айни тадқиқотлар заҳматкаш олимларнинг муттасил изланишлари, машаққатли меҳнатлари билан узвий боғлиқдир. 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тарих фанлари доктори, профессор Дилноза Жамолова билан суҳбатимиз шу мавзуда бўлди. 

– Маълумки, етакчи жадидларимиз фаолиятида ўқитувчилик, таълим, маориф алоҳида ўрин тутган. Масалан, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдуқодир Шакурий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулла Авлоний ва бошқа тараққийпарвар боболаримизнинг фаолияти педагогика билан узвий боғлиқ эди. Албатта, уларнинг бундай заҳматли йўлни танлашларидан асосий мақсад миллатни уйғотиш бўлган. Сизнингча, маърифатпарварларнинг бу йўналишдаги заҳматли, фидокорона, ҳам жасоратли фаолиятини яна қайси жиҳатлар билан боғлаш мумкин? 

–XIX асрнинг охири – XX асрнинг бошларида вазият ўта оғир, аввалдан башорат қилиб бўлмайдиган, сиёсий-ижтимоий жиҳатдан ҳам, иқтисодий томондан ҳам жуда қалтис, таҳликали муҳит ҳукмрон эди. Ҳолбуки, бир зиёлининг ўз ҳаётий эҳтиёжларидан ортиб, мактаблар ташкил этиши, дарсликлар яратиши, ҳам болаларга таълим бериши наинки ўз даври учун, балки бугун ҳам мисли кўрилмаган даражадаги маънавий жасорат саналади. 

Туркистон тараққийпарварларининг бош мақсади Туркистонни озод қилиш, мустақилликни тиклаш ва уни тараққий этган давлатлар қаторига қўшишдан иборат бўлган. Бунинг учун биринчи навбатда замонавий билимларга эга бўлган ёшларга эҳтиёж жуда юқори бўлган. Бу пайтда Туркистон мактабларида дунёвий билимлардан кўра диний билимлар кўпроқ ўқитилар, бола аниқ, табиий ва ижтимоий фанларни чуқур ўрганмас эди. Бу эса таназзулдан бошқа нарса эмас эди. Натижада жадид боболаримиз биринчи навбатда мактаб ва маориф ишига эътибор қаратдилар. Янги усул мактаблари очиб, дарсликлар яратдилар. Биргина Мунавварқори Абдурашидхоновнинг мактабчилик фаолиятига назар солсак, жадидларнинг мақсад ва вазифалари ойдинлашади. 1901 йил Мунавварқори Абдурашидхонов дўсти ва маслакдоши Абдусамиқори Зиёбой ўғли  билан биргаликда Шайх Хованди Тоҳур даҳасида Мирдадаҳожибойнинг меҳмонхонасида янгича мактаб очган. У Туркистонни қолоқлик, миллатни мустамлака зулмидан қутқаришнинг бирдан-бир йўлини илм-маърифат, замонавий техникани эгаллашда, деб билган. Олдинига мактабда 15 – 20 бола таҳсил олган бўлса, кейинчалик уларнинг сони ошиб борган. 1913 йилга келиб, Мунавварқори мактабининг ўқувчилари сони 150 тага етган. Мактабда Истанбул, Қозон, Қримдан олиб келинган диний ва дунёвий рисолалар, алифбо ва ўқиш китоблари асосида таълим берилган. Мунавварқори ўзи тузган ўқув дастурлари асосида таълим берган ва ўқувчилардан имтиҳон олган. Имтиҳонларга ўқувчиларнинг ота-оналари, дин пешволари, олимлар, шоирлар, бойларни таклиф қилган. 

Мунавварқори Абдурашидхонов мактаб ўқувчилари учун ёзилган бир қатор дарсликлар муаллифи ҳамдир. Унинг “Адиби аввал” дарслиги Тошкентда 1907 – 1917 йиллар саккиз марта нашр қилинган. Бу дарслик янгича мактабларнинг иккинчи синфлари учун яратилган бўлиб, ахлоқий ва фанний дарслардан иборат. Диний билимларга оид “Ҳавойижи диния” (3 қисм), “Тарихи анбиё”, “Тарихи Исломия” (“Мусулмончиликнинг тарқалиши ва унинг тарқатувчилари”) дарсликларидан нафақат ўз мактаби, балки Қўқондаги янгича мактабда фойдаланилганини архив ҳужжатлари тасдиқлайди.

–  Жадид боболаримизнинг педагогик фаолиятини ўрганиш юзасидан илмий жамоа томонидан олиб борилаётган изланишлар ҳақида гапириб берсангиз.

– Янги усулда таълим берувчи мактабларни ташкил қилиш, моддий таъминотини тартибга солиш, дарсликлар ва услубий қўлланмалар яратиш жадидлар фаолиятининг энг муҳим босқичларидан бири эди, десам муболаға бўлмайди. Бунгача жадид мактаблари фаолиятига умумий баҳо берилган. Уларнинг ҳар бири алоҳида тадқиқ қилинмаган. Жумладан, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдуқодир Шакурий, Ҳожи Муин, Сиддиқий Ажзий, Саидризо Ализода, Исҳоқхон Ибрат, Абдувоҳид Мунзим, Абдурауф Фитрат, Усмон Хўжа очган мактабларда жорий қилинган тартиблар, ўқитиш жараёни, моддий таъминот масаласи, муаллимларга бериладиган маош ва рағбатлар, дарс жадвали, услубий қўлланма ва дарсликлар ҳақида тўлиқ маълумот мавжуд эмас. Жадидларнинг олий ўқув юрти очиш йўлидаги ҳаракатлари ҳақида эса бундан 20 йилдан олдин тарихчи олим Сотимжон Холбоев умумий маълумот берганлар, холос. 

Туркистон тараққийпарварлари Убайдулла Хўжа ва Мунавварқори Абдурашидхонов Туркистон генерал-губернаторига бир неча бор мурожаат қилишларига қарамай, рус ҳукумати замонавий дорилфунун очишга рухсат берган эмас. Туркистон Халқ комиссарлари кенгаши қарори билан 1918 йил 21 апрель куни ташкил қилинган Туркистон халқ университетидан бош мақсад барча миллий ўқув муассасаларини йўқ қилиш, ўқув-тарбия жараёнини сиёсийлаштириш, болшевиклар ғоясини тарғиб қилишдан иборат бўлган. Буни олдиндан кўра олган Мунавварқори Абдурашидхонов бошчилигидаги тараққийпарварлар миллий дорилфунунлар очиш ва миллий мутахассисларларни тайёрлашни ўзларининг асосий вазифалари деб билганлар.

1918 йил Мунавварқори Абдурашидхонов раҳбарлигида 9 кишидан иборат “Туркистон мусулмон халқ дорилфунунининг ташкилот махсус гуруҳи” тузилиб, Мунавварқори Абдурашидхонов раис, Содиқ Абдусатторов, Бурҳон Ҳабиб, Исо Тўхтабоев, Ғани Абдурашидов, Муродхўжа домла (Солиҳов) аъзо этиб сайланганлар. Шу йилнинг 10 апрелида комиссия томонидан Тошкентда Халқ дорилфунунининг бошланғич даражасини очиш ва бошқа олти масала кўриб чиқилган. 

Туркистон мусулмон халқ дорилфунуни 1918 йил 31 май куни очилган. Туркистон мусулмон халқ дорилфунунида турк, татар, озарбайжон зиёлилари ҳам дарс берганлар. Буни Туркистон мусулмон халқ дорилфунунининг тантанали очилиш маросимида Абдулсамиқори эътироф этиб, “турк ва шимоллик қардошларига миннатдорчилик” билдирган. Туркистон мусулмон халқ дорилфунунида Абдурауф Фитрат ва Мунавварқори Абдурашидхонов она тили ва адабиёт, Камол Шамсий арифметика ва география, Ҳайдар Шавқий  гигиена, гимнастика ва немис тили, Абдулла Раҳимбоев арифметика, Абдураҳмон Исмоилов санъат, Муҳаммадамин Афандизода жўғрофия ва элшунослик, Иброҳим Исмоилов дидактика ва табиатшуносликдан дарс берганлар.

Қисқа вақт ичида Туркистон мусулмон халқ дорилфунунининг Самарқанд бўлими очилиб, Маҳмудхўжа Беҳбудий раис, Ҳожи Муин, Саидаҳмад Сиддиқий-Ажзий, Шокир Мухтор аъзо бўлганлар. Бироқ совет ҳукумати Туркистон мусулмон халқ дорилфунуни фаолиятига йўл бермайди. Беш йиллик ўқув дастурига мўлжалланган дорилфунун олдинига тўрт ойлик ўқувга айлантирилади, 1918 йилнинг сентябрь ўрталарига келиб эса, бутунлай тугатилади. Оқибатда, дорилфунуннинг Самарқанд бўлими фаолияти ҳам тўхтаб қолган.

Бугун Тарих институтида ва вилоятларда мустақил тадқиқотчилик билан шуғулланаётган ҳамда таянч докторантурада таҳсил олаётган ёшларимиз жадидларнинг мактабчилик фаолиятини чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қиляптилар. Ўйлайманки, яқин вақтларда жадид боболаримизнинг мустаҳкам ва барқарор таълим тизимини яратиш, мактаблар ва университетлар очиб сифатли ўқитиш, 10 йилдан 20 йилгача мунтазам фойдаланилган дарсликлар яратиш бўйича тажрибалари ҳақида архив ҳужжатлари, даврий матбуот, эсдаликлар асосида янги илмий-тарихий маълумотларга эга бўламиз. 

– Институт томонидан ташкил этилаётган илмий йиғинлар, анжуманлар, давра суҳбатларида кўплаб ёш тадқиқотчиларни учратиш  мумкин. Илмий жамоангиздаги “устоз-шогирд” анъаналари хусусида тўхталсангиз. 

– Кейинги йилларда, тўғрироғи 2020 йилдан бошлаб, Тарих институтида мунтазам равишда жадидчилик миллий сиёсий ҳаракати тарихини ўрганиш, жадид боболаримизнинг илмий меросини тадқиқ қилиш, уларнинг ибратли ҳаёт йўли ва фаолияти ҳақида ўзбек халқига, айниқса, ёшларимизга янги маълумотлар бериш асосий вазифага айланди. 2022–2024 йиллар октябрь ойининг биринчи ҳафтасида Турон кутубхонаси ва Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби билан ҳамкорликда “Қарамлик, миллат ва қатағон” умуммиллий йиғинини ўтказдик. Шу йили Бош прокуратура ҳузуридаги Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси билан биргаликда “Миллат қатағони ва оқибатлари” умуммиллий илмий йиғинини ўтказдик. Шу ўринда таъкидлашим керакки, институтимиз директори, академик Азамат Зиё ташаббуслари билан ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи, ҳарбий тарих, иқтисодий тарих, буюк мутафаккирларимиз ҳамда давлат арбобларимизнинг туғилган кунлари муносабати билан ҳам умуммиллий ва эллараро йиғинлар ташкиллаштирилади. Ҳақиқатдан ҳам бу йиғинларда ёш тадқиқотчиларимиз ва олимларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Бунинг асосий сабаби эса институтимиз ходимлари ва докторантларининг 60 фоизи ёшлардир. 

Саволингизнинг иккинчи қисмига жавобим қуйидагича: Тарих институтида ёш тадқиқотчилар билан “устоз-шогирд” анъаналари йўлга қўйилган, уларга нафақат илмий раҳбарлари, балки катта, етакчи ва бош илмий ходимларимиз ҳам ўз маслаҳатларини бериб, илмий тадқиқотларини амалга оширишларига амалий ёрдам бериб келмоқдалар. 

ЎзА мухбири 

Назокат Усмонова суҳбатлашди.

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркистон озодлиги, унинг ривожланган давлатлар қаторидан жой олиши жадидларнинг орзуси эди