Нафақат яхши ёзадиган, балки ўзгаларнинг асарларини маромига етказиб таржима қиладиган шоирлар бор. Улардан бири истиқболли, ёш ва истеъдодли шоир, таржимон, туркий тиллар бўйича мутахассис, Туркий мамлакатлар ёзувчилар уюшмаси аъзоси Раҳмат Бобожондир.
27 ёшига келиб унинг иккита шеърий тўплами нашр этилган: "Изтироб шивири" ва "Рўбарў". Бундан ташқари, унинг ўзбек, озарбайжон ва туркий тилларига таржималари: Улвий Бунёдзоданинг “Мовий қўшиқ”, Акбар Қўшалининг “Хаёлимни чақирдим”, Хосият Рустамованинг “Исми Лала эди у қизнинг” ва “44 кун”, Ўқтой Исмоилийнинг “Хўжали қирғини”, Мусо Ёқуб, Воқиф Самад ўғли, Ромиз Равшан, Рустам Беҳрудийларнинг “Айрилиқлар элчиси, салом!” шеърлар тўплами ҳамда Чори Авазнинг “Ёруғ хаёллар” шеърлар тўплами нашрдан чиқди.
Шоирнинг шеърлари инглиз, рус, испан, француз, немис, форс, тожик, турк, араб, озарбайжон, туркман тилларида нашр этилган. У шеърни ҳам, насрни ҳам таржима қилишга моҳирона ёндошади. Масалан, Аркадий Аверченконинг “Олтин аср” ҳикоялар китоби, Азиз Несиннинг “Мен доимо ҳаётда...” ҳикоялар китобини, Равшан Абдулла ўғлининг “Релслар узра ётган одам” романини ўзбек тилига таржима қилган.
Раҳмат Бобожон мактабда ўқиб юрган кезидаёқ ижод қила бошлаганлардан. Дастлаб унинг истеъдодини устозлари пайқаб, асарларини Тошкентга жўнатишни маслаҳат берган. Кейинчалик ёш шоирнинг мақолалари, шеърлари ва таржималари мамлакатимиздаги нуфузли нашрларда чоп этилди. Жумладан, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Тафаккур”, “Ёшлик”, “Муштум”, “Театр”, “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ва бошқа журнал ва газеталарда.
Шунингдек, ёш адибнинг асарлари 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари” ҳамда вилоят миқёсидаги адабий альманахларга киритилган.
2018 йилдан буён шоир республика ёш қаламкашларининг анъанавий “Замин” семинарида фаол иштирок этиб келади. Адабиёт аҳли ёш шоирнинг қобилиятини қўллаб-қувватлайди. 2020 йилда энг сараланганлар ёш ижодкорларнинг қаторида унинг ҳам илк шеърлар китоби 10 минг нусхада чоп этилди.
Р.Бобожон мамлакатимиз миқёсида ўтказиладиган турли адабий танлов ва фестивалларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. 2020 йилда адабиёт соҳаси бўйича “Мард ўғлон” давлат мукофотини унга шаҳсан Ўзбекистон Президентининг ўзи берди. Шоирнинг шеърлари Россия, Туркия, Озарбайжон ва Туркманистонда нашр этилган тўпламларга киритилган.
Сўнгги пайтларда Р.Бобожон моҳир таржимон сифатида ҳам танилмоқда. Ҳозирда у рус, турк, озарбайжон ва туркман тилларидан ўзбек тилига, ўзбек тилидан турк ва озарбайжон тилларига асарларни таржима қилиш билан шуғулланяпди.
Ижодкорнинг ишлари туфайли Туркия ва Озарбайжонда ўзбек ёзувчи ва шоирлари танилмоқда. Масалан, ўзбек адабиёти дарғалари Чўлпон, Усмон Носир, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия, Асқад Мухтор, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева ҳамда замонавий шоир ва ёзувчилар асарларини адиб дунёга танитаяпди.
– Мен учун таржимонлик хобби эмас, балки шеър ёзмаган пайтда ўз фикримни ифодалаш усулидир. Бу жараён менга ижоддан узоқлашмаслик имконини беради. Озарбайжон тилидан таржима қилишда илк тажрибамни 7 йил олдин бошлаганман, лекин ўша пайтда сўз бойлигим анча қашшоқ бўлганини эндигина англаяпман. Лекин бу уринишлар бўлмаганида бугунги натижага етишмасдим. Кейинчалик рус ва турк тилларини ўрганиб, таржима географиясини кенгайтирдим. Яқинда туркман муаллифларини таржима қила бошладим. Бугун адабий давраларда нафақат шоир, балки таржимон сифатида ҳам танилганимдан хурсандман. Бу менга маълум бир масъулиятни юклайди.
Р.Бобожон бугун Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси. Хоразмлик серқирра, содда йигит, тинимсиз меҳнаткаш инсон шеър ёзиш ва таржима ишлари билан бир қаторда ижтимоий тармоқларда ҳам фаол. У ўз блогини муваффақиятли юритиб боради. Муаллифнинг Телеграм-каналида мамлакатимизнинг таниқли шахслари томонидан ажойиб тарзда ўқилган шеърлари эълон қилинади. Раҳмат Бобожон ҳозирда марказий газеталардан бири – “Халқ сўзи”да адабий ходим бўлиб ишлайди.
– Турк дунёси китоб севарларига буюк ўзбек мумтоз адабиёти ва замондошларимнинг сара асарларини етказишга ҳаракат қиляпман. Менимча, бу соҳада маълум даражада муваффақиятга эришдим десам муболаға бўлмайди. Ҳозир ҳам таржималар устида ҳам ишлаяпман. Тез орада китобхонлар улар ҳақида билиб олади, – дейди адиб.
Лира Шафиқ, ЎзА