
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикасида қўшимча имкониятларни ишга солиш, инвестицияни кўпайтириш ва аҳоли бандлигини ошириш бўйича 2025 йилдаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда Оролбўйи ҳудудида этно ва экотуризм бўйича ҳам имкониятлар тўла ишга солинмай турганлиги алоҳида қайд этилди.
Айниқса, жаҳон ҳамжамиятининг эътиборидаги Савицкий музейи, “Чилпиқ” ёдгорлиги, Аёз қалъа, Тупроқ қалъа каби 200 дан зиёд диққатга сазовор жойлар, 10 дан ортиқ халқ ўйинлари ҳудудга туристларни жалб этишга катта имконият ҳисобланади.
– Туризм соҳасида яратилган қулай шароитлар ва олиб борилган амалий чора-тадбирлар натижасида ҳудудимизга келадиган туристлар сонининг ошишига ва йилдан-йилга ушбу соҳада фаолият олиб бораётган тадбиркорларнинг ортишига эришилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Туризм бошқармаси бошлиғи Гулбаҳор Изентаева. – Албатта, бундай кўрсаткичларга эришишда Қорақалпоғистонда туризмни ривожлантириш учун ўта муҳим бўлган тарихий фармон ва қарорларнинг тутган ўрни алоҳида саналади.

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 майдаги “Қорақалпоғистон Республикасида меҳмонхона хизматларини ривожлантириш ҳамда қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида янги туризм индустрияси объектларини кўпайтириш орқали қулай саёҳат қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, жаҳон бозорида миллий туризм маҳсулотларини фаол тарғиб қилишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш, ички туризм имкониятларини янада кенгайтириш, транспорт логистикасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, соҳага тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
2024 йилда Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик йўналиши, хусусан, туризм соҳасида яратилган имконият ва қулай шароитлар натижасида республикага ташриф буюрган жами туристлар сони 2,2 миллион нафарни, шундан, 2,1 миллион маҳаллий ва 200 минг нафар хорижий туристни ташкил қилиб, туризм экспорти 32 миллион АҚШ долларига етди. Туристларга хизмат кўрсатувчи жойлаштириш воситалари сони 111 тага, улардаги ўринлар сони 2 минг 440 тага етказилди.

2025 йилда туристлар оқимини янада ошириш, хизматлар сифатини ривожлантириш, соҳага хорижий инвестиция маблағларини жалб қилиш ҳамда туризм экспортини ошириш бўйича режа ва таклифлар ишлаб чиқилди. Келгуси йилда республикага ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини 3 миллион нафарга, шундан хорижий туристлар сонини 400 минг, маҳаллий туристлар сонини 2,6 минг нафарга етказиш, туризм хизматлари экспортини 50 миллион АҚШ долларига етказиш режалаштирилган.
Туристларни кенг жалб қилиш, уларни Қорақалпоқ миллий маданияти, қадрият ва урф-одатлари билан таништириш мақсадида “NavrUZ”, “Кўчманчи халқлар маданияти”, “Орол балиқларидан 99 турли таом”, “Stihia” каби йирик туризм фестиваллари ҳамда йилнинг ҳар мавсумида “Open air fest” мусиқа фестивали ўтказилади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг туризм салоҳиятини хорижий мамлакатларда тарғиб қилиш мақсадида Германия, Россия, Қозоғистон, Туркия, Хитой ҳамда Араб давлатларида ўтказиладиган нуфузли туризм ярмаркаларида туроператор билан ҳамкорликда фаол иштирок этиб, туризм маҳсулотлари ва ҳудуд туризм салоҳиятини тарғиб қилиш режалаштирилган.
Келгуси йилда 14 та янги меҳмонхона, хостел ва меҳмон уйлари ташкил этилиб, жойлаштириш воситаларини 125 тага, жойлаштириш фондини 3 минг 100 тага етказиш бўйича лойиҳалар рўйхати шакллантирилган. Хусусан, 2025 йилда амалга умумий қиймати 72 миллион АҚШ доллари бўлган 20 та янги инвестиция лойиҳаси шакллантирилган бўлиб, хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича чоралар давом эттирилади.

Нукус шаҳри ва Элликқалъа туманларида бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, Элликқалъа туманида йирик туризм мажмуаси ташкил қилинади. Ақчакўл бўйида йилига 100 минг дан ортиқ турист жалб этилади. Нукус шаҳрида беш юлдузли тоифага эга меҳмонхона ва ресторан, савдо маркази ташкил қилинади. Марказ йилига 100 минг нафар туристга хизмат кўрсатади.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида ташриф буюрувчи хорижий туристлар республикада қолиш давомийлигини 2,5-3 кунга, бир сайёҳнинг ўртача харажатини 300 АҚШ долларидан ошириш режалаштирилган. Шунингдек, Нукус шаҳридаги 1,5 га майдонда россиялик инвесторлар “A-J CONSTRUCTION” корхонаси томонидан 50 миллион АҚШ долларлик замонавий меҳмонхона ва Конгресс холл ташкил қилиш лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу инвесторлар Россия, Туркия давлатлари ва маҳаллий инвесторлар билан биргаликда лойиҳани тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилади.
Мажмуада Конгресс холл, 102 ўринли беш юлдузли меҳмонхона, 1 та гипермаркет, 5 та ресторан, 300 та савдо объекти, 3 та 20 қаватли, автомобиллар учун 11 минг метр квадратли ер ости автотураргоҳ жойлашади. Иккинчиси Нукус шаҳри марказида “Karakalpak palace hotel” масъулияти чекланган жамият томонидан 1,2 миллион АҚШ долларлик меҳмонхона ташкил қилиш лойиҳаси ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 8 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида Нукус шаҳрида “Дўстлик” канали бўйидан 0,5 га ер майдони инвестиция киритиш мажбурияти билан тўғридан-тўғри ижара ҳуқуқи асосида ажратилган. Меҳмонхона 125 ўринга мўлжалланган бўлиб, қурилиш ишлари бошланди. Қурилиш ишлари якунлангандан кейин, соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда юлдузли тоифали меҳмонхонасига рухсатнома олиш чоралари кўрилди.
Бугунги кунда “ALISHER-SULTANBEK” масъулияти чекланган жамият томонидан ташкил этилаётган 60 ўринли меҳмонхона қурилиши ишлари бошланди. Нукус шаҳрида “MASSAGET HOTEL” масъулияти чекланган жамият томонидан 48 ўринли меҳмонхона ташкил этиш лойиҳаси 2025 йил биринчи чорагида ишга туширилади.
Йиғилишда таъкидланганидек, 2025 йили Қорақалпоғистонда 3 та асосий йўналишда жумладан, қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилади. Бу ерда янги туризм йўналишларини очиш ва уларга инфратузилма олиб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири