Туризм, таълим ва тадбиркорлик
Мамлакатимиз пойтахтида бошланган “GEW-2022” VI Глобал тадбиркорлик ҳафталиги тадбирлари 15 декабрь куни Самарқандда давом этди.
“Туризм ва меҳмондўстлик соҳасидаги тадбиркорлик” мавзусида ўтказилаётган ҳафталик доирасида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида сайёҳлик соҳасидаги таълим ва тадбиркорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети биринчи проректори Жўлибой Элтазаров, ТЕAМ университети бош директори Aбдурасул Юсупов, мазкур таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, хорижлик мутахассислар бугунги кунда дунёда туризмни ривожлантириш мақсадида ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар, шунингдек, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, сайёҳлик соҳасидаги тадбиркорлик ҳақида маърузалар қилди. Мамлакатимизда тадбиркорликнинг мазкур тармоғида эришилган натижалар ва келгусидаги вазифалар таҳлил этилди.
[gallery-9972]
– Меҳмондўстлик, туризм ва тадбиркорлик тушунчалари бир-бирига уйғун, бир-бирини тўлдиради, – дейди “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети биринчи проректори Жўлибой Элтазаров. – Меҳмондўстлик, тадбиркорликсиз туризмни тасаввур қилиш қийин. Тўғри, мамлакатимизда бир неча минг йиллик моддий ва маънавий мерос мавжуд ва ундан баҳраманд бўлиш дунёнинг турли минтақаларида яшовчи кишиларнинг орзуси ҳисобланади. Лекин бу кишиларни юртимизга жалб қилиб, уларга бу бойликни кўрсатиб бериш ва шу орқали, мамлакатимиз иқтисодиётида туризмнинг ролини ошириш албатта, тадбиркорлик, ишбилармонликни тақозо этади. Кейинги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасидаги мақсадлар айнан шунга қаратилган. Бунинг натижасида бир пайтлар эътибордан четда бўлган туризм соҳаси бугун иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан бирига айланмоқда. Келгуси йилда юртимизга 7 миллион хорижий, 12 миллион маҳаллий сайёҳни жалб қилиш кўзда тутилган. Бу кичик рақамлар эмас, шунча сайёҳга сифатли хизмат кўрсатиш, уларнинг вақтини мазмунли ўтказиш ва муҳими иқтисодиётда туристик хизматлар улушини ошириш талаб этилади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган бизнинг университетимиз шу мақсадларни амалга ошириш учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаб бериши керак. Ўтган ўқув йилида университетимизни илк бор 123 бакалавр, 50 дан ортиқ магистр мутахассис битириб, соҳада иш бошлади. Айни пайтда талабаларимиз сони 2200 нафардан ошди. Жумладан, 100 нафарга яқин хорижий давлатлар ёшлари келиб таҳсил оляпти. Профессор-ўқитувчиларимизнинг 30 фоиздан ортиғи чет давлатлардан жалб этилган малакали мутахассислар. Ана шундай имкониятлар асосида бугун соҳа учун етук кадрлар тайёрлаяпмиз. Хорижлик мутахассис ва экспертлар туризм соҳасида таълим, тадбиркорлик бўйича замонавий ёндашувлар, илм-фан, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг бир-бирига узвий боғлиқлиги юзасидан ўз фикрларини билдирди. Тадбир доирасида форум иштирокчилари Самарқанднинг туризм инфратузилмаси, таълим жараёнлари ва тадбиркорлар фаолияти билан яқиндан танишди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА