Туризм соҳасида янги ҳамкорлик
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмаги ҳамда Бухоро вилояти туризм бошқармаси ҳамкорлигида Покистон Ислом Республикасининг туризм соҳаси вакилларидан иборат делегациянинг Бухоро вилоятига ташрифи ташкил этилди. Мазкур ташриф икки давлат ўртасида туризм соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ва Бухоронинг халқаро туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилди.
Ташриф доирасида маҳаллий туристик компаниялар, меҳмонхона ва сервис хизматлари вакиллари ҳамда покистонлик туроператорлар иштирокида В2В форматида учрашув ўтказилди. Самимий ва ишчан руҳда кечган мулоқотлар давомида томонлар сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш, қўшма туристик дастурлар ишлаб чиқиш, зиёрат туризми имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш масалаларини муҳокама қилди.


Учрашувларда Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, муқаддас қадамжолари, миллий ҳунармандчилик анъаналари ва замонавий туристик инфратузилмаси ҳақида кенг маълумотлар тақдим этилди. Айниқса, Покистон сайёҳлари учун зиёрат туризми, маданий саёҳатлар ва миллий анъаналарга бой йўналишлар катта қизиқиш уйғотди.


Шунингдек, томонлар ўртасида туристик маршрутларни биргаликда тарғиб қилиш, маркетинг ишларини кучайтириш, тажриба алмашиш ва туризм соҳасидаги тадбиркорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича қатор муҳим келишувларга эришилди. Бу эса келгусида икки мамлакат ўртасида туристлар оқимининг янада ортишига хизмат қилиши кутилмоқда.


Таъкидлаш жоизки, мазкур ташриф Бухоро вилоятининг халқаро туризм бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш, унинг салоҳиятини Покистонда кенг тарғиб қилиш ва янги инвестицион ҳамкорлик имкониятларини яратиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.

Бухоро ва Покистон туризм соҳаси вакиллари ўртасидаги мазкур мулоқотлар нафақат икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқади, балки халқлар ўртасидаги дўстлик ва маданий яқинликни янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири