Жорий йилнинг 18 – 20 март кунлари Россия Федерациясининг Москва шаҳрида “MITT – 2025” Халқаро туризм ва меҳмондўстлик саноати кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, жумладан, Тошкент вилояти делегацияси ҳам иштирок этди.
Жараёнда вилоят делегацияси вакиллари Россиянинг Иванов вилоятининг Туризм ва меҳмондўстлик илмий маркази билан икки томонлама ҳамкорлик йўлга қўйилди. Шунингдек, Татаристон Туризм вазирлиги билан ҳам меморандум имзоланиб, ҳамкорликни кенгайтириш ва туристлар оқимини ошириш юзасидан келишиб олинди.


Таъкидлаш лозимки, мазкур халқаро кўргазма 30 йилдан бери ўтказилиб келинади. Бу туризм соҳасидаги энг йирик ва аҳамиятли “В2В” шаклидаги тадбирлардан бири бўлиб, ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларидан келган туризм соҳаси мутахассисларини бир жойга жамлайди.


Ярмарка доирасида Тошкент вилоятининг туризм салоҳияти кенг ёритилди, маданий чиқишлар саҳналаштирилди. Шу билан бирга, ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари ҳам кўплаб келишувларга эришди. Ярмаркада вилоятга ташриф буюриш истаги билдирганлар кўпчиликни ташкил этди. 15 дан ортиқ туроператорлар баҳор ойларидаёқ махсус турлар ташкил этишларини билдирди.
Тошкент вилояти туризм делегацияси бу йил давомида яна кўплаб шу каби хорижий ярмаркаларда ҳам иштирок этишни режалаштирган.
А.Мусаев, ЎзА