Турар жой бозоридаги вазият қандай?
Яқинда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари мамлакатимизда турар-жой бозорининг ривожланишини ўрганиб чиқди.
Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистонда уй-жой бозори, дунё кўчмас мулк бозоридаги ҳолатга мос равишда ривожланаётгани ва турар- жойга бўлган талаб динамикаси жаҳон бозоридаги тенденцияларга мос келишини кўрсатди.
Таҳлилда ёзилишича, 2021 йилда 76,6 мингга яқин турар жой бинолари қурилган. Бу эса 2020 йилдагига қараганда 15,1 мингта кўпдир.
Аҳоли даромадлари ва халқаро пул ўтказмаларининг сезиларли даражада ортиши, шунингдек, уй-жой сотиб олишнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши турар жой бозорининг ривожланишидаги муҳим омиллар бўлмоқда. Уй-жой таннархини пасайтириш ва қурилишнинг ушбу йўналишини қўллаб-қувватлаш мақсадида, аҳоли учун бир қатор имтиёзлар берилди. 2022 йилда ипотека қурилиш дастурларини амалга ошириш учун 13 триллион сўм миқдорида мақсадли кредит ва 1,3 триллион сўм субсидиялар йўналтирилади.
Шу кунларда мамлакатимизда қурилиш ишлари янада қизғин давом эттирилмоқда. Хусусан, барча қулайликлар ва зарур ижтимоий инфратузилмаларга эга 22 та “Янги Ўзбекистон” массиви бунёд этилаётир.
ЎзА