Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тупроқни сақлаб қолаётган микроорганизмлар

Бугунги кунда тупроқ шўрланиши ва деградацияси қишлоқ хўжалиги ривожига жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Айниқса, қурғоқчил ҳудудларда тупроқнинг табиий унумдорлиги пасайиб, экинлардан олинадиган ҳосил миқдори кескин камаймоқда.

Ушбу муаммоларни ҳал этишда анъанавий кимёвий усуллар билан бир қаторда экологик жиҳатдан хавфсиз, илмий асосланган биологик ёндашувларга эҳтиёж ортиб бормоқда.   

Хусусан, шўрланган ва деградацияга учраган ерлар муаммосига ечим сифатида Фанлар академияси Микробиология институти олимлари томонидан шўрга чидамли тупроқ микроорганизмларининг махсус коллекцияси яратилди. Мазкур коллекция шўрланган тупроқлардан ажратиб олинган, юқори туз концентрациясига мослашган 30 дан ортиқ маҳаллий микроорганизмлар штаммларини ўз ичига олади.   

Ушбу микроорганизмлар тупроқ ва ўсимлик ўртасидаги биологик мувозанатни тиклашда муҳим роль ўйнайди. Хусусан, улар тупроқдаги азот, фосфор ва калийнинг биологик айланишини фаоллаштириб, ўсимликлар учун озуқа моддалари ўзлаштирилишини яхшилайди. Шунингдек, микроорганизмлар томонидан ишлаб чиқариладиган фитогормонлар ўсимлик илдиз тизимининг ривожланишига хизмат қилади.   

Шўрга чидамли микроорганизмлар нафақат ўсимликларнинг шўрланиш ва қурғоқчиликка чидамлилигини оширади, балки тупроқнинг биологик фаоллиги ва структурасини тиклашга ҳам ёрдам беради. Бу эса деградацияга учраган ерларнинг босқичма-босқич қайта тикланишига имкон яратади.   

Мазкур коллекция асосида ишлаб чиқиладиган биоўғитлар экологик хавфсиз бўлиб, кимёвий ўғитлардан фойдаланиш эҳтиёжини камайтиради. Натижада тупроқ саломатлиги сақланади, атроф-муҳитга салбий таъсирлар камаяди ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари барқарор етиштирилади.   

Мазкур шўрга чидамли микроорганизмлар коллекцияси деградацияга учраган ерларни тиклаш, тупроқ шўрланишини камайтириш ва ҳосилдорликни оширишда муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга. Ушбу ишланма барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги стратегик миллий ресурс ҳисобланади.   

Қолаверса, бу йўналишга киритиладиган ҳар бир инвестиция, илмий ишланмани амалиётга жорий этиш ва биоўғитлардан кенг фойдаланиш — нафақат бугунги муаммоларга ечим, балки келажак авлодлар учун соғлом тупроқ ва барқарор агроэкотизимни яратади. 

М.Эшмирзаева, ЎзА