Тупроқнинг сеҳрли оҳанги
Кулол устахонасига кўҳна ҳунарга қизиққан сайёҳлар, меҳмонлар тез-тез ташриф буюради.
Қарийб саккиз юз йиллик тарихга эга Риштон кулолчилик мактаби анъаналари шу кунга қадар давом этиб келишида жаннатмонанд гўшанинг асл фарзандлари, уста-кулолларнинг меҳнати беқиёс. Ана шундай моҳир кулоллар ҳақида сўз кетганда, ўн икки ёшидан бу ҳунарни ўрганган Алишер Назировнинг ижодий фаолияти алоҳида эътироф этилади. Ярим асрдирки, тупроққа “жон” бериб, мўъжиза яратиб келаётган уста Риштон кулолчилик сулоласининг муносиб давомчиларидан.
Айтишларича, Риштон кулолчилик маҳсулотлари сифатини билишни хоҳловчилар уни қўлга олиб, бир чертиб кўрса, кифоя. Ундан таралган сас мисоли куйга айланиб, узоқ вақт жаранглаб туради. Қолаверса, табиий кўриниши, тиниқлиги билан кишини ўзига ром этади.


Бунда Риштондаги “Уста – шогирд” мактабларида олиб борилаётган амалий ишлар, изланишлар катта аҳамият касб этмоқда. Алишер аканинг устахонаси ҳам ана шу ҳунарга меҳр қўйган ёшлар билан гавжум. Бу ерда Риштон кулолчилик мактабига хос бўлган беназир анъаналар ўргатилади. Хусусан, сопол буюмлар ишлаб чиқариш, табиий гиёҳлардан сир, ранг тайёрлаш жараёнларини қамраб олган йўналишлар ёш кулолларни ўзига жалб этган.
Кулол устахонасига кўҳна ҳунарга қизиққан сайёҳлар, меҳмонлар тез-тез ташриф буюради.


— Ҳар бир маҳсулотни яратишда меҳнат, қунт, сабр талаб қилинади, - дейди моҳир уста-кулол, “Шуҳрат” медали соҳиби Алишер Назиров. — Оддий пиёла тайёр ҳолга келгунча ўнлаб қўлдан ўтади. Усталар меҳр-муҳаббати билан ўзига хос жило ва кўриниш касб этган маҳсулотлар шу боис ҳам қадрли. Чунки унда акс этган ҳар бир чизиқ, тасвир, рангларнинг ўзаро уйғунлиги муҳим ҳисобланади. Асосий эътиборни Риштон кулолчилик мактабига хос бўлган ранг-тасвирларни сақлашга, ривожлантиришга қаратганмиз. Масалан, мовий ранг инсонни улуғворлик, ғалаба сари даъват этади. Шунингдек, мис — феруза, малҳаш-қўнғир, зардпазлик– сариқ, сафедпазлик — оқ ранг кўҳна кулолчилик анъаналарида алоҳида аҳамиятга эга. Табиий гиёҳлардан тайёрланган бу ранглар бир-бири билан уйғунлашиб, буюмларга ўзига хос жозиба беради, асрлар давомда ўз кўриниши йўқотмаслик хусусиятлари билан ажралиб туради. Шу боис маҳсулотларимиз нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам машҳур. Айни кунда Америка, Франция, Германия, Бельгия, Швейцария, Австрия, Россия сингари мамлакатларга маҳсулотларимизни сотишни йўлга қўйганмиз.