Tumaris.Hack га аризаларни қабул қилиш бошланди
4-6 ноябрь кунлари Марказий Осиё бўйича Tumaris.Hack. хакатони бўлиб ўтади. Онлайн форматда ўтказиладиган мусобақада Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан қизлар иштирок этади. Қатнашчилар икки кун давомида муҳим ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал этадиган дастурий маҳсулотларнинг намуналарини ишлаб чиқади.
Танлов қоидаларига кўра, уларнинг лойиҳалари илмий ва техник жиҳатдан ажралиб туриши керак.
Хакатон АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг тадбиркорлик ва бизнес-муҳитни ривожлантириш лойиҳаси, Beeline Uzbekistan, TBC Bank ва Huawei компаниялари ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-парк) тарқатган маълумотларга кўра, жорий йилда хакатон уч йўналиш бўйича бўлиб ўтади. Унда танлов иштирокчилари молиявий технологияларни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган иловалар, сайт ва алгоритмларни ишлаб чиқади ҳамда электрон тижорат соҳасидаги ишланмаларини таклиф қилади. Бу ишланмалар онлайн-савдолар ва экспорт ҳажмини оширишга, маҳсулотларнинг маҳаллий ва хорижий бозорларда сотилишига ёрдам бериши керак. Сунъий интеллект, нейротехнологиялар, робот технологиялари ва янги материаллардан фойдаланган ҳолда дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ҳам танловнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Хакатонда иштирок этиш учун аризалар уч нафаргача бўлган кишидан иборат жамоалардан қабул қилинади. Айни дамда, қатнашчиларнинг икки нафари ёки жамоа раҳбари қиз бола бўлиши шарт. Иштирокчилар шунингдек, якка тартибда рўйхатдан ўтиб, кейинчалик жамоа тузишлари ҳам мумкин.
Мусобақа соврини 8000 долларлик қимматли совғаларни ташкил этади.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА