Тошкент вилоятида Халқ депутатлари туман Кенгашларининг навбатдаги сессиялари ўтказилиб, уларда туман-шаҳар ҳокимларининг мурожаатлари тингланмоқда.
Сессияда Пискент тумани ҳокими Раҳимжон Рихсиев 2021 йилда эришилган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш натижалари ва 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар тўғрисида маълумот берди.
Таъкидланганидек, ҳудудда “Темир дафтар”га киритилган 206 та оилага 277 миллион сўмлик, “Аёллар дафтари”га киритилган 1 минг 54 нафар аёлга 1,1 миллиард сўмлик, “Ёшлар дафтари”га киритилган 262 нафар ёшга 1,2 миллиард сўмлик ёрдамлар кўрсатилди.
Тумандаги ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан индивидуал ишлаш натижасида 7,9 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. 10 минг нафардан ортиқ фуқарога томорқа майдонлари ажратилиши эса қишлоқ аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлашда мутлақо янги йўналишга айланди. Шунингдек, Пискент тумандаги тижорат банклари томонидан жорий йилда жами 3 минг 895 жисмоний ва юридик шахсга тадбиркорлик фаолиятларини бошлаш ва кенгайтириш учун 113,7 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
Жумладан, мавжуд тадбиркорлик субьектларини янада ривожлантириш, янги ускуналар сотиб олиш, бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун 73,5 миллиард сўм, 1 минг 587 нафар жисмоний шахсга 39 миллиард 486 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.
Шунингдек, Янгийўл тумани ҳокими Улуғбек Ялгашев халққа мурожаатида экспорт йўналиши бўйича амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди.
Ҳозир туманда жами экспорт фаолияти билан шуғуллануви экспортёр корхоналар сони 55 тага етди. Жорий йил 1 декабрь ҳолатига 71,3 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти бажарилди. Булардан, саноат йўналишидаги 53,6 миллион доллар ва 17,7 миллион долларга тенг қийматдаги қишлоқ хўжалиги йўналишидаги маҳсулотлари етиштирилди.
Экспорт қилинган маҳсулотлар қиймати ўтган йилга нисбатан 11,1 миллион долларга кўпайиб, ўсиш суръати 118,0 фоизни ташкил этди.
Паркент тумани ҳокими Шохрух Шоахмедов ўз мурожаатида аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида айтиб ўтди.
Қайд этилганидек, бу йил 1 декабрь ҳолатига жами 6 минг 638 нафар ишсиз ва расмий банд бўлмаган фуқаролар мавжуд. Бироқ жорий йилнинг 16 декабр санасига қадар 1 минг 679 нафар фуқаро корхона ва ташкилотларга доимий ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари, 425 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. Уларнинг иш ҳақлари учун жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан жами 825,2 миллион сўм маблағлар молиялаштирилиб, фуқароларнинг иш ҳақлари учун ўтказиб берилди.
Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тумандаги жами 40 та хонадондаги ишсиз фуқаролар учун жами 276,9 миллион сўмга томорқа субсидияси асосида иссиқхоналар ўрнатиб берилди. Тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган 36 нафар ишсиз фуқаро учун жами 8,8 миллион сўм маблағлар тўлаб берилди.
Сессияда Зангиота тумани ҳокими Абдуваҳоб Тамикаев ҳудудда туризм соҳасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ахборот берди. Туманда бир йилда 500 мингдан ортиқ кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга жами 1 минг 494 та ўринга мўлжалланган 19 та меҳмонхона ва 14 та меҳмон уйлари фаолият юритаяпти.
Бу йил туманга келган сайёҳлар сони қарийб 1 миллион нафарни ташкил этди. Шундан Покистон, Озарбайжон, Туркия, Афғонистон, Хитой, Қозоғистон, Туркманистон давлатларидан келган хорижлик сайёҳлар 810 нафарни ташкил қилди. Сайёҳларнинг асосий қисми “Зангиота зиёратгоҳи” мажмуасига ташриф буюрди. Шунингдек, туманда 3 та дам олиш маскани ҳам фаолият олиб бормоқда. Ҳунармандчилик хорижий сайёҳлар эътиборини тортадиган асосий соҳалардан бири экани инобатга олиниб, 2021 йилда 268 нафар уста ҳунарманд давлат рўйхатидан ўтказилди. Уларга 177 нафар ёш “Уста-шогирд анъаналари” асосида бириктирилди.
Халқ депутатлари туман Кенгашларининг навбатдаги сессияларида кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Келгуси йил учун зарур вазифалар белгиланди.
А.Мусаев, ЎзА