Туман ҳокими тадбиркорларга кўмакчи
Айни кунда туманда 8 та хорижий инвестиция иштирокидаги қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда.
Фарғона вилояти Бағдод туманида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни кунда туманда 8 та хорижий инвестиция иштирокидаги қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда.
– Мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади, – дейди Бағдод тумани ҳокими Алибек Турсунов. – Тадбиркорлик ривожланиши натижасида аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалалари ўз ечимини топади. Туманимизда ҳам тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда.
Бугунги кунда туманда ўз тараққиёт йўлини танлаб олиб, дадил одимлаётган тадбиркорлик субъектлари сони ортиб бормоқда. Хусусан, “Аброр” кўп тармоқли хусусий корхонаси ва “Водий трейд” корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган мебель маҳсулотлари юртимизда ўз харидорларига эга. Шунингдек, туман экспорт салоҳиятини юксалтиришда “Арамати Багдада”, “Марвел инвест” хусусий корхоналари, “Барҳаёт агро”, “Бағдод ёнғоқ агро” ва “Агро Фергана экспорт” масъулияти чекланган жамиятлари, “SWOX Company” корхонаси, “Мунис Файз – 2019”, “Шўртепа ойдин кўли”, “Фергана гарден фрутс”, “Алимардон агро” каби ўнлаб фермер хўжаликларининг сезиларли улуши бор.
Жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 542 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилиб, уларнинг сони қарийб 6 мингтага етди.
“Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури асосида туманда шу даврга қадар 1 минг 397 нафар жисмоний ва юридик шахсга 19 миллиард 239 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиб, қўшимча 1,5 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди, юзлаб муҳтож оилаларда уй меҳнати, касаначилик ва бошқа турдаги тадбиркорлик ташкил этилди. Ўз навбатида, шу йўл билан оилалар қўшимча даромад манбаига эга бўлди.
“Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури асосида эса 16 та лойиҳа молиялаштирилди ва бунинг учун 4 миллиард 315 миллион сўм миқдорида кредит маблағи йўналтирилиб, 120 та иш ўрни яратилди.
Туман ҳокими тадбиркорларга мурожаат қилиб, уларга ҳар қандай масалада кўмакчи эканлигини маълум қилди.