Туман ҳокими сўхлик талабалар билан учрашди
Фарғона вилояти Сўх тумани юртимизнинг энг чекка ва анклав ҳудуди ҳисобланади.
Президентимиз томонидан туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, барча соҳаларни олий маълумотли кадрлар билан таъминлаш доимий эътиборда. Биргина 2020-2021 йил ўқув йили учун давлатимиз раҳбарининг қарори асосида олий таълимга киришга ажратилган 500 та квота сўхлик ёшлар учун муҳим имконият бўлди.

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг баёнига асосан 2021-2022 ўқув йилида республика олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шакли бўйича давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрларидан давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида Сўх тумани учун халқ таълими соҳасига ҳам ўрин ажратилган.

Aйни пайтда Қўқон давлат педагогика институтида 200 нафардан ортиқ сўхлик талаба таҳсил олмоқда. Сўх тумани ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев мазкур олий таълим муассасасида ана шу ёшлар билан учрашиб, очиқ мулоқот қилди. Учрашувда ҳоким билимли инсон, яхши мутахассис ҳаётда ўз ўрнини топишини таъкидлаб, туман учун малакали кадрларга эҳтиёж катта эканлигини билдирди.

Бугунги кунда талабалар орасида иқтидорлилари кўп. Тарих факультети 2-босқич талабаси Раҳмонжон Кимсанбоев Қозоғистон пойтахти Нурсултон шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ (Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги) миқёсида ўтказилган “Лучшие молодые учёные – 2021” танловининг тарих йўналиши буйича тайёрлаган илмий иши билан иштирок этиб, фахрли биринчи ўринга муносиб деб топилиб, олтин медаль билан тақдирланди.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда ёшларга тааллуқли барча долзарб масалалар кенг ва тўлақонли қамраб олинди. Талабалар ўзларини қизиқтирган масалалар, янги ғоя ва ташаббуслари, муаммолари юзасидан туман ҳокимига тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, саволларига жавоб олди.
М.Сулаймонов,
ЎзА