Туман аҳолисининг долзарб муаммолари ҳал этилди
Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган Республика ишчи гуруҳи 30 январь-7 февраль кунлари Сурхондарё вилояти Бандихон туманида аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганиш, ҳал этиш бўйича «Оққўрғон тажрибаси» асосида ишлар ташкил этилди.
Ишчи гуруҳлар томонидан тумандаги 22 та маҳаллада 15 099 та хонадон, 2 150 та ижтимоий ва бошқа соҳа объектлари ўрганилди.
Туман аҳолиси орасида ўтказилган сўровнома натижаси бўйича асосий муаммолар сув, газ ва электр таъминоти, ички йўллар ҳолати, мактабгача таълим, транспорт хизмати соҳаларида эканлиги маълум бўлди.

Туман аҳолиси учун долзарб муаммоларни ҳал этиш мақсадида қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Жумладан, вилоят ҳокимлиги томонидан оғир турмуш шароитига тушиб қолган хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш, ҳудудда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, кам таъминланган аҳолига моддий ёрдам кўрсатиш учун 1,8 млрд. сўм маблағ ажратилди;

«Ҳар бир оила тадбиркор» дастурига кўра, тавсиялар асосида 44 нафар фуқарога 1,3 млрд. сўм имтиёзли кредит ажратилди. Ҳоким ёрдамчилари тавсиялари асосида 44 нафар фуқарога 1,3 млрд. сўм имтиёзли кредит ажратилди, 78 нафар фуқарога 276,0 млн. сўм миқдорида субсидия асосида уч турдаги (тикув машинаси, мотокультиватор, электр печь) маҳсулотлар субсидия асосида етказиб берилди. Икки юзга яқин тадбиркорга 6,7 млрд. сўм кредит ажратилди.
«Ёшлар дафтари» рўйхатидаги 78 нафар ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш учун 234,4 млн. сўм маблағ ажратилди. Жумладан, 51 нафар ёшларга контракт-шартнома тўловлари тўланди, 25 нафар ёшларга меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналар учун субсидия ажратилди.

«Аёллар дафтари» рўйхатидаги 100 нафар хотин-қизларга 70,5 млн. сўм миқдорида ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 97 нафар хотин-қизларга бир марталик моддий ёрдам берилди.
Икки юздан зиёд фуқаронинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилди. Шундан 93 нафар фуқаро доимий ишга, 47 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишига жойлаштирилди, яна 42 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди, 22 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланди. Шунингдек, 585 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилиш бўйича давлат рўйхатидан ўтказилди.

Етти юзга яқин эҳтиёжманд оилага 1 млрд. сўмлик қурилиш материаллари, чорва моллари олиб берилди ва бошқа ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Шундан 21 нафар эҳтиёжманд оилага уй-жойларини таъмирлаш, қурилиш материаллари олиб бериш учун маҳаллий бюджет ҳамда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 693,5 млн. сўм ажратилди.
Таълим соҳаси ҳам Республика ишчи гуруҳи эътибори марказида бўлди. Ўнта мактабга 22 та иситиш қозони ўрнатилди, 8 тасида иситиш тизими таъмирланди. 3 та умумтаълим мактабига қуёш панеллари ўрнатилди, 4 та таълим муассасасига электрон мониторлар, бадиий китоблар ва спорт анжомлари топширилди. Тумандаги мактабларга 6 турдаги спорт жиҳозлари етказиб берилди.
90 км.га яқин ички йўллар шағаллаштирилди, 6,3 км. сув тармоғи қуриш ишлари бошланди, 246,8 тонна қўшимча суюлтирилган газ ва 159 тонна кўмир етказилди, янги 228 та темир бетон устунлар, 6 дона трансформатор ўрнатилди, 12 таси таъмирланди, 4,5 км. тармоқ тортилди.
Туман аҳолиси учун 4 та секторда республика, вилоят, туман ташкилотлари, сектор раҳбарлари иштирокида оммавий сайёр қабуллар ташкил этилди. Жами 264 нафар фуқаронинг 398 та масаласи кўриб чиқилди. Масалаларнинг 97 таси (24,3%) жойида ҳал этилди, 161 таси (40,4%) бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, 140 таси назоратга олинди. Фуқаролар асосан газ, электр, ичимлик суви таъминоти, ички йўллар, бандлик масалаларида мурожаат қилган.
Бир сўз билан айтганда, туманда аниқланган 1 020 та муаммодан 843 таси (83%), ижтимоий ва бошқа объектларда аниқланган 2 078 та муаммодан 66 таси (3%) ҳал этилди, қолган 2 189 та масала кўриб чиқилиши назоратга олиниб, аниқ молиялаштириш манбалари, ижро муддатлари ва масъул ижрочилар белгиланган ҳолда «йўл харитаси» ишлаб чиқилди ва назоратга олинди.
ЎзА