Туғилганлиги қайд этилмаган фуқароларга гувоҳномалар берилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирда дунёдаги туғилишларнинг 40 фоизи қайд этилмаяпти. Афсуски, бу муаммо юртимизни ҳам четлаб ўтмаган.
Бектемир тумани “Чашма” маҳалласида яшовчи Фуқаро Фотима Эрматова ўз қизининг, Саодат Давронова эса ўзининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси йўқлигидан қийналиб келаётган эди. Бир қанча ташкилотларнинг эшигини қоқса-да, муаммоси ҳал этилмаган бу фуқаролар охири ариза билан Бектемир туман адлия бўлимига мурожаат қилишади.
Ушбу ҳолатлар бўйича туман адлия бўлими томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, болани онадан туғилганлик фактини белгилаш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига фуқароларнинг манфаатини кўзлаб ариза киритилди. Натижада суднинг тегишли ҳал қилув қарорлари билан туман адлия бўлимининг ушбу аризаси қаноатлантирилди ва мазкур фуқароларнинг туғилганлик факти белгиланди.

Туман ФҲДЁ бўлими бошлиғи, туман прокурори ва туман адлия бўлими бошлиғи Шамсиддин Омоновлар томонидан ушбу фуқароларга тантанали равишда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини топширилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш керакки, ушбу туманда туғилиши қайд этилмаган фуқаролардан 15 нафри аниқланган. Айни дамда уларга ҳам босқичма-босқич туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштириш устида иш олиб борилмоқда.
Мафтуна КАРИМОВА , ЎзА