Туғилганликни қайд этиш – бола ҳуқуқларининг рўёбга чиқарилишидир
Мазкур гувоҳнома боланинг туғилганлиги, унинг ота-онаси ким экани, унда кўрсатилган фактнинг тўғрилигини тасдиқловчи далил ҳисобланадиган ягона ҳужжат ҳисоблансада, уни олишга бепарво бўлганмиз.
Кейинги пайтларда оммавий ахборот воситаларида ФҲДЁ бўлимлари томонидан фуқароларнинг бир неча йил кечикиб бўлсада туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни олаётганлиги ҳақидаги хабар ёки лавҳаларга тез-тез кўзимиз тушиб турибди. Хўш, нима учун ўша фуқаролар туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни ўз вақтида расмийлаштирмаган?
Мазкур гувоҳнома боланинг туғилганлиги, унинг ота-онаси ким экани, унда кўрсатилган фактнинг тўғрилигини тасдиқловчи далил ҳисобланадиган ягона ҳужжат ҳисоблансада, уни олишга бепарво бўлганмиз.
Боланинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, бола туғилган жойдаги ёки ота-онасидан бирининг доимий яшаш жойидаги ФҲДЁ бўлими томонидан бевосита ёки Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилиши лозим. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари”да ёзиб қўйилган.
Унга кўра, туғилганлик ҳақидаги ариза бола туғилган кундан бошлаб бир ой муддат мобайнида оғзаки ёки ёзма шаклда ота-онаси ёки улардан бири, алоҳида ҳолларда эса қариндошлари, қўшнилари ёки ота-онаси ёхуд ота-онасидан бири ваколат берган бошқа шахслар, шунингдек, тиббиёт муассасаларининг, ички ишлар ёки васийлик ва ҳомийлик органларининг мансабдор шахслари томонидан берилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 июндаги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юртимизда бирорта ҳам бола қайд этилмасдан қолиши мумкин эмас. Туғилганликни қайд этиш – бола ҳуқуқлари рўёбга чиқарилишининг ва фуқаролик бўлмаслиги олдини олишнинг ҳуқуқий асосидир.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, мутахассислар ҳамда ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан уйма-уй юриб, шаръий никоҳда яшаётганлар, айрим сабабларга кўра фарзандларига ўз вақтида туғилганлик ҳақида гувоҳномаларни ололмаган фуқаролар бор ёки йўқлиги ўрганилиб, уларга ҳали ҳам шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш имконияти мавжудлиги бўйича тушунчалар берилмоқда.
Жорий йилнинг 1 август ҳолатига кўра, Тошкент вилоятида 37 минг 940 та туғилиш ҳолати расмийлаштирилган бўлиб, шундан 19 минг 623 таси ўғил, 18 минг 313 таси қиз болалар. Туман ва шаҳар ФҲДЁ бўлимлари томонидан 256 та муддати ўтиб туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви расмийлаштирилган. Суднинг ҳал қилув қарори асосида 15 та, васийлик ва ҳомийлик органининг аризаси асосида 133 та, тиббиёт муассасасининг аризаси асосида 18 та муддати ўтиб туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома берилди. Туғруқхоналардан ташқари, жойларда туғилганлар 2 тани, асослантирувчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли рад этилган аризалар эса 8 тани ташкил этади.
Маълумотларга мурожаат қилсак, ФХДЁ органлари томонидан далолатномаларнинг муддати ўтиб қайд этилишига кўпроқ ота-онанинг эътиборсизлиги ёки масъулиятсизлиги, туғилишни қайд этиш учун ҳужжатлар тўлиқ бўлмаганлиги, оилавий шароит билан боғлиқ ҳолатлар, ота (она)нинг паспорти йўқлиги ёки муддати тугаганлиги сабаб бўлмоқда. Баъзан эса, ота-она қонуний никоҳда бўлмаганлиги, бола уй шароитида туғилганлиги бўйича далолатнома тузилмаганлиги, туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотноманинг йўқ ёки йўқотилганлиги, онанинг паспорти бўлмаганлиги боис туғруқ муассасаси томонидан туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома берилмаганлиги, бола бошқа давлатда туғилганлиги сабаб ҳам далолатномаларнинг муддати ўтиб қайд этилиши ҳолатлари кузатилмоқда.
Хорижий давлатларда туғилишни ўз вақтида қайд қилмаганлик учун белгиланган тартибда жавобгарлик қўлланилади. Масалан, Франция қонунчилигида туғилишни қайд этиш муддати бола туғилганидан сўнг 5 иш кунида қайд қилиши белгиланган. Агарда ушбу муддат ўтиб кетса, боланинг туғилиши суд тартибида қайд қилинади. Бу ҳолда, боланинг ҳуқуқларини поймол қилганлиги учун ота-онасига ёки бошқа манфаатдор шахсларга нисбатан 3 минг 750 евро жарима ёки 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади. Бельгия давлати қонунчилигида бола туғилганидан сўнг ҳужжатларни 15 кун ичида расмийлаштириш белгиланган бўлиб, у ҳокимят (мэрия) томонидан қайд этилади. Ушбу муддатга риоя этмаган шахсларга нисбатан жарима тўлаш белгиланган.
Ўзбекистонда эса белгиланган муддатнинг ўтиб кетганлиги туғилганликнинг қайд этилишига асло тўсқинлик қила олмайди. Шунингдек, ҳеч қандай жазо чораси ҳам белгиланмаган. Ота-онанинг қонуний никоҳи мавжуд бўлган ҳолларда улардан бири ёки ишончнома асосида бошқа манфаатдор шахс, ота-онанинг ўрнини босувчи шахс ёхуд васийлик ва ҳомийлик органларининг мансабдор шахслари томонидан ўн олти ёшгача бўлган боланинг туғилишини қайд этиш учун ФҲДЁ органига туғилишни қайд этиш муддатини ўтказиб юборганлик сабабларини кўрсатиб, ариза тақдим этиши мумкин. 16 ёшдан ошган, туғилиши қайд этилмаган шахсларнинг туғилганлигини қайд этиш эса суднинг ҳал қилув қарори асосида амалга оширилади.
Инсон ҳаётидаги энг қувончли, ҳаяжонли, бир умрга унутилмас бахтли жараённи, ҳаётларини бир-бирларига боғлаган ёшларнинг пишиб етилган муҳаббатларини қонун асосида қайд этувчи, расмийлаштирувчи, янги туғилган фарзандларга гувоҳномани ўз вақтида олишини сўраб қоламиз. Сизнинг бу ҳаракатингиз оила бахти ва равнақи, ободончилиги, бурч ва масъулиятни доимо ёдда тутиш, фозил фарзанд тарбияси, фарзандларнинг ота-она олдидаги бурчлари, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясида янада масъулиятли бўлишга хизмат қилади.
Давронбек РАВШАНБЕКОВ,
ДХА Тошкент вилояти бошқармаси
бошлиғи ўринбосари.