Цемент ишлаб чиқариш ҳажми ортади
Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида швециялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ташкил этилган цемент ишлаб чиқариш корхонасига тамал тоши қўйилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида швециялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ташкил этилган цемент ишлаб чиқариш корхонасига тамал тоши қўйилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда чет эллик инвесторлар, шаҳар ҳокимлиги, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Ангрен шаҳар кенгаши масъуллари, қурувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган уй-жой, ижтимоий соҳа объектлари қурилиши, йўлсозлик каби аҳолининг бирламчи эҳтиёжини қаноатлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар кўлами тобора кенгайиб бораётгани таъкидланди. Бу, ўз навбатида, қурилиш материаллари, хусусан, цементга бўлган талабни ошираётгани, янги корхона маҳсулотлари эса ички бозордаги ушбу талабни қондиришга хизмат қилиши қайд этилди.
“ABA GTS GROUP“ масъулият чекланган жамияти шаклида ташкил этилаётган мазкур корхонанинг ишга туширилиши кунига 1 минг 200 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. 400 кишининг доимий бандлиги таъминланади. Маълумотларга кўра, мажмуанинг қурилиш ишларини келаси йил ноябрь ойига қадар якунлаш режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, мазкур корхона октябрь ойида Тошкент вилоятида цемент ишлаб чиқариш бўйича тамал тоши қўйилган иккинчи лойиҳа саналади. Аввалроқ, қўшни Оҳангарон ҳудудида россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда йилига 3 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга корхона қурилиши бошлангани ҳақида хабар қилган эдик.