Қадимий ва ҳамиша навқирон бўлган Самарқанд яна бир халқаро спорт мусобақаси – триатлон бўйича "Challenge Family” бренди остида ўтадиган “Challenge Samarkand” спорт фестивалини қаршилашга ҳозирланмоқда.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон триатлон федерацияси, Самарқанд вилоят ҳокимлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирокида жорий йилнинг 16-17-сентябрь кунлари “Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказида мазкур спорт мусобақалари бўлиб ўтади.
Мусобақа иштирокчилари уч босқичдан иборат баҳсларда қатнашади. Сузиш, велоспорт ва югуриш бўйича маҳоратларини синовдан ўтказишади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/8KTZ6ohiCSw" title="Триатлон: “Challenge Samarkand”нинг шиддатли мусобақалари яқин" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe> Айтиш лозим, “Challenge Family” дунёнинг бир қатор давлатларида триатлон бўйича турли масофада ўтказиладиган мусобақанинг энг машҳур брендларидан бири ҳисобланади. Ушбу пойга ҳар йили 50 мингдан зиёд иштирокчини жамлайди. Бу гал Самарқандда ташкил этилаётган мусобақаларда 35 тадан зиёд давлатдан 2 минг нафарга яқин спортчи қатнашиши кутилмоқда.
Самарқанд вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиевнинг билдиришича, айни кунларда мусобақаларни ҳар томонлама юқори савияда ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар поёнига етмоқда. Спорт жамоаларини кутиб олиш, баҳслар ўтадиган йўлак ва сув ҳавзаларини тартибга келтириш, фестивалнинг хорижий иштирокчилари учун кўнгилочар тадбирлар масалалари шулар жумласидан.
“Challenge Samarkand”нинг сузиш баҳслари Осиёнинг энг йирик эшкак эшиш каналларидан бири ҳисобланган Самарқанд эшкак эшиш ҳавзасида ўтказилади. Икки доирадан иборат “Цикл” босқичи “Silk Road Samarkand” сайёҳлик мажмуасидан бошланиб, қадимий шаҳар бўйлаб давом этади. Бу жараёнда спортчилар ўтмишга саёҳат қилишади. Велопойга давомида иштирокчилар қадимий ёдгорликларнинг ўзига хос уйғунлиги билан танишади.
Т.Рўзиев, ЎзА