Турсунбой Орипов Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги Пахтакон маҳалласида яшайди. У киши нафақат маҳаллада, балки бутун вилоятда “Трекерчи бобо” номи билан танилган. Бу ном ортида эса бутун умрини меҳнат, матонат ва меҳр билан ўтказган фидойи инсон ҳаёти мужассам.
2024 йили давлатимиз раҳбари Сайхунобод туманига ташрифи чоғида Иттифоқ маҳалласи аҳолиси билан учрашган ва шу фурсатда Турсунбой ота билан шахсан суҳбатлашган эди. Унинг боғдорчиликдаги бой тажрибаси, ҳаётга фаол муносабати юксак баҳоланиб, унга “Trеker” русумли автомашина совға қилинганди.
– Президентимизнинг меҳри, эътибори ва ҳурмати менга руҳ бағишлади, – дейди Турсунбой ота. – У киши: Маҳалладошларингиз ва ёшларга боғдорчилик илмини ўргатинг деб айтди. Бу сўзлар мен учун ҳам масъулият, ҳам шарафдир.

Турсунбой ота 70 йил муқаддам чўлни ўзлаштириш учун Фарғонадан Сайхунободга кўчиб келган меҳнаткаш оилада туғилган. Болалигиданоқ ҳалол меҳнат завқини юрагигига туйган, жуда катта турмуш тажрибасига эга.
– Мен ишни 15 ёшимда сувчиликдан бошлаганман, – деб хотирлайди у. – Бу осон иш эмас. Сувчи фасл танламайди. Эгатларда юради, кўчатларга ҳаёт бағишлайди. Қишда эса ерни шўрдан тозалайди. Бу ишларнинг барчаси келгусида мўл ҳосил олишга хизмат қилади.
Вақт ўтиб, Турсунбой ота тумандаги бўрдоқичилик фермасида оддий ишчи сифатида иш бошлаб, 40 йил давомида шу ерда ҳалол ва самарали меҳнат қилди. Бу даргоҳ унинг иккинчи уйига, меҳнат масканига айланди.

Ҳозирда у нафақада бўлишига қарамай, боғдорчиликдан узилмаган. Томорқасини “янги иш жойи”га айлантирган отахон узумчилик, кўчат парвариши ва янги навларни кўпайтириш билан шуғулланмоқда. Ҳозирда “Ризамат”, “Ҳусайни”, “Келин бармоқ”, “Шоҳонаки”, “Кетмон соп” каби узум навларини етиштирмоқда. Яқинда эса “Абатар” деб номланган янги навни ҳам муваффақиятли пайванд қилди.
Турсунбой ота фарзандлари ва набиралари билан фахрланади. Уч ўғлини ҳам меҳнатсеварлик, садоқат ва ҳалоллик руҳида тарбиялаган. Улардан бири – Азамат аввал Россияда меҳнат қилган бўлса, Президент ташрифи ва маҳалладаги ўзгаришлардан илҳомланиб, юртга қайтди ва ҳозирда паррандачилик фаолияти билан шуғулланмоқда.

Отахоннинг ҳовлиси ҳозирги кунда маҳалла ёшлари билан гавжум. Улар у кишидан нафақат боғдорчилик сир-асрорларини, балки ҳаётга меҳр, меҳнатга муҳаббат ва сабр-тоқатни ўрганмоқдалар.
– Олтиариқдаги “Узумчилар” маҳалласи сингари, энди бизнинг Пахтакон ҳам узумчилик марказига айланмоқда, – дейди фахр билан Турсунбой ота. – Мен эса қўлимдан келганича ёшларга ёрдам беришга тайёрман.
“Трекерчи бобо”нинг ҳаёти сабр, меҳнат ва инсонпарварлик тимсолидир. Унинг тажрибаси ва инсонларга нисбатан беғараз муносабати туфайли Пахтаконда янги авлод боғбонлари етишиб чиқмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири