Қонун лойиҳасига шарҳ
Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя чораларини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бу йўналишдаги ишлар асосида айрим тоифадаги фуқароларнинг шаҳар йўловчи транспортидан бепул фойдаланиш имкониятлари яратилгани эътиборга молик.

Жумладан, бугунги кунда 9 тоифадаги шахслар шаҳар йўловчи транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга. Сўнгги 2 йилда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар, ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган фуқароларга шаҳар йўловчи транспортидан бепул фойдаланиш имконияти берилди.
Эндиликда бу тоифадаги шахслар сафи кенгаймоқда. Янги ишлаб чиқилган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган қонун лойиҳасига кўра, I гуруҳ ногиронлиги бўлган ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахсга ҳамда Иккинчи жаҳон уруши ногиронларига тенглаштирилган шахсларга шаҳар йўловчи транспортидан бепул фойдаланиш имконияти яратилмоқда.
Шунингдек, лойиҳада давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари автомобиль транспортида йўловчи ва юк ташиш фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг хўжалик фаолиятига аралашиши ҳамда ушбу ташкилотларнинг ишлаётган ходимларини бошқа ишларга жалб этиши фақат табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар юзага келган, бундай ҳолат жорий этилган ҳолларда амалга оширилиши белгиланмоқда.
Яқинда парламент қуйи палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган мазкур қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган нормалар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, қонун ҳужжатларидаги бўшлиқлар тўлдирилишига асос бўлади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА