Ангрен шаҳрида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда Хитойнинг “Holley Technology” Ltd МЧЖ қўшма корхонаси ўртасида трансформатор ишлаб чиқариш корхонаси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали очилиш маросимида Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов, “Holley Group” корпорацияси президенти Ванг Сиян, Ангрен шаҳар ҳокими Алишер Райимов, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Асроржон Асқаров ҳамда масъул раҳбар-ходимлар, ҳудуд фаоллари иштирок этди.

Дастлаб тадбир доирасида Туркий халқлар давлатлари ўртасидаги тақсимловчи электр тармоқларида хизмат кўрсатувчи электромонтёрларнинг касб маҳорати мусобақаси ғолиблари тақдирланди. Уларга эсдалик совғалари ва махсус мукофотлар топширилди.
Тадбирда мазкур ташаббус билан бир вақтда Жиззах вилояти, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида ҳам учта йирик лойиҳага старт берилди. Шу билан бирга, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиалида ўқув-машғулотлари ва халқаро мусобақаларни ўтказишга мўлжалланган полигони қурилиши ҳам бошланди.

Маълумки, Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини тасдиқлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг янги ёндашув ва механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига асосан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан харажатларни қисқартириш ва маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида Хитойнинг етакчи компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Хусусан, Ангрен шаҳрида ишга туширилаётган куч трансформаторларни ишлаб чиқариш лойиҳаси бунга ёрқин мисолдир.

– Бундан икки йил илгари Ангрен шаҳри ҳудудида мазкур корхонанинг тамал тоши қўйилган, – дейди Ангрен электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Фурқат Мирзалиев. – Ўтган даврда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар туфайли бу ерда замонавий ишлаб чиқариш бинолари қуриб битказилди. Бу ерда 6-10 кВ тарқатиш тармоқлари учун 25-3150 кВА қувватли трансформаторлар ҳамда 35 кВ тарқатиш тармоқлари учун 100-2500 кВА қувват трансформаторлар ишлаб чиқарилади. Ҳозир 50 нафар иш ўрни яратилган бўлиб, келгусида 200 нафар ходим бандлиги таъминланади.

Шунингдек, тадбирда Юқори Чирчиқ туманида ишга туширилаётган куч трансформаторлар учун ҳимоя қутиси ва бошқа турдаги электр қурилмаларни ишлаб чиқариш лойиҳасига ҳам старт берилди. Айтиш лозимки, бундай лойиҳаларнинг ишга туширилиши паст кучланишли тақсимлаш тармоқларини қуриш ва янгилашда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан харажатларни қисқартириш ва маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича муҳим жараён ҳисобланади.

– Охирги филлар Ангрен шаҳрида йирик саноат лойиҳалари кўпайди. Айниқса, хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда юзга яқин корхоналар ташкил этилган. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ва сифати ҳам яхшиланиб, ички ва ташқи бозорда харидоргир. Айниқса, Ангрен эркин иқтисодий зонасининг самарали фаолият юритаётгани тадбиркорлик субъектлари учун жуда қулай бўлди. Ишонаманки, замонавий электр трансформаторлар ишлаб чиқариш корхонаси ҳам мамлакатимиз иқтисодиётига самарали хизмат қўшади, – дейди Ангрен шаҳар ҳокими Алишер Райимов.
Тадбирда иштирокчилар корхона фаолияти билан танишди. Ишлаб чиқариш жараёнлари мавжуд техникаларнинг ишлаш тартиби кўрсатилди.
А.Мусаев,ЎзА.