Трампнинг тинчлик режаси
Ушбу ҳафтанинг муҳим сиёсий воқеаси АҚШдаги сайловлар ва унда собиқ президент Доналд Трампнинг ғалабаси бўлди. Сайловолди тадбирларида 24 соатда урушни тугатишини айтган Трамп сайланганидан кейин ҳам ушбу ваъдасини яна қайтарди. Маълумотларга кўра, унинг жамоаси аллақачон Ғазо ва Украинадаги урушни тугатиш режаси устида ишламоқда. Трамп маслаҳатчиларига кўра, Украинадаги урушни тўхтатишнинг биринчи режаси фронт чизиғини музлатиб қўйиб, буфер ҳудуд яратиш ва уни учинчи давлат ҳарбийлари қўриқлаш керак. Шунингдек, Украинанинг НАТОга аъзолигини кейинги 20 йилга кечиктириш ҳамда Москванинг эҳтимолий ҳужумларидан ҳимоялаш учун Қўшма Штатлар Киевга ҳарбий ёрдам бериб туриш киради.
Байден маъмурияти 2025 йил 20 январга қадар, яъни Трампнинг Оқ уйга қайтишига қадар Украинага ёрдам пакетини жўнатишга уринмоқда. Аммо асосий муаммо вақт масаласи бўлиб қолмоқда, ҳарбий ёрдам ажратилган тақдирда ҳам уни етказиб бериш ойларга чўзилиши мумкин.
Трампнинг келажакдаги тинчлик режаларига қарши муҳим салбий омил Конгрессдаги Республикачилар партиясидаги мухолифат бўлиб, уни АҚШдаги иммиграция ва инфляция билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш шарти билан Украинага ҳарбий ёрдамни давом эттиришга ундаши мумкин.
Шунингдек, Трамп Байденни ҳатто Путин билан мулоқат қилишга уринмаганликда ва бу урушнинг чўзилишига олиб келганликда айблайди.
Расмий Кремл Трампнинг тинчлик келишувларидан хабардор бўлиб, аниқ мулоҳазаларни январдан кейин ўйлаб кўришини маълум қилган. Бироқ Донецк, Луганск, Запороже ва Херсон вилоятларига бўлган даъволаридан воз кечмаслигини билдирган. Трампнинг атрофидагиларига кўра, Путин айёр сиёсатчи бўлиб, Трамп унга уруш қимматга тушишини кўрсатиб қўйиши керак. Булар ичига энергия бозорига арзон нефт ва газ киритиш орқали Москва бюджетига зарар етказиш ва Украинага “Lend -lease” дастурини қўллаб ҳарбий ёрдамни кучайтириш киради.
Қўшимча маълумот учун айтиш керакки, Путин бошқа давлат етакчиларидан фарқли ўлароқ Трампни сайлов ғалабасидан бир неча кун ўтиб табриклади.
Манбаларга кўра, Трамп ва Зеленский телефон орқали гаплашган ва унда Илон Маск ҳам қатнашгани маълум. Маск Украина ҳарбийлари Старлинк сунъий йўлдошидан фойдаланишда давом этишини билдирган. Суҳбат тахминан 25 дақиқа давом этиб, Трамп АҚШ Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирган.
Айрим маълумотларга кўра, Трамп ва Маск Ҳукумат самарадорлиги департаментини ташкил этиш ғоясини муҳокама қилмоқда. Департаментнинг мақсади бюджет харажатларини қисқартириш, ҳукумат фаолиятини ислоҳ қилиш бўлади. Ушбу ташкилотга Илон Маск раҳбарлик қилиши кутилмоқда.
Трампнинг сайланишидан қўрқув
Трампнинг қайта сайланиши кўпчиликни қувонтиргани ҳам йўқ. Масалан Трампнинг сайловдаги ғалабаси мексикаликларни хавотирга солмоқда. У бир неча бор тарифларни, муҳожирларнинг оммавий депортациясини ва ҳатто Мексика ҳудудидаги гиёҳванд картелларига қарши курашиш учун АҚШ аскарларини юборишини ваъда қилган. “Трампнинг қиладиган ҳар бир иши бизга салбий таъсир қилади”, — дейди мексикаликлар. Шунингдек, улар ўз валютасини мустаҳкам ҳолатда ушлаб туриш кераклигини таъкидлашган.
Яқинда сайланган президент Клаудия Шейнбаум хавотирга асос йўқлигини ва Қўшма Штатлар билан яхши муносабат ўрнатилишини билдирган.
“У Қуддусни исроилликларнинг пойтахти деб тан олган биринчи одам эканлигини унутманг. Биз араблар ва фаластинликлар сифатида ортиқ содда бўлолмаймиз. У билан душмандек муомала қилишимиз керак”, — деган фаластинликлар.
Трампнинг сайланишидан Лотин Америкаси аҳолиси ҳам хавотирда. Биринчи бўлиб миграция муаммоси уларни ташвишга солади. Бундан энг кўп жабр чекадиганлар АҚШга кўчиб келган ўн минглаб Куба ва венесуэлаликлар бўлиши мумкин. Кейинги ўринларда савдо, иқтисодий санкциялар ва иқлим ўзгаришининг таъсири буларнинг барчаси Трамп ҳокимияти даврида ёмонлашиши мумкинлигидан қўрқишади.
Жанубий Америка демократик давлатлари Колумбия, Боливия, Чили ва Бразилия учун ҳам ташвишли ҳолатдир бу. Трамп протекционист бўлиб, Бразилиядан импорт қилинадиган товарларга тарифларни ошириши кутилмоқда. Аммо Аргентина Трамп билан келиша олиши мумкин.
Аргентина президенти Хавьер Милей Трампнинг консерватив сиёсатини қўллаб-қувватлайди ва унга ҳамфикрдир.
Шунингдек, Хитой Трампнинг биринчи ҳукумати даврида киритган тарифларини эсдан чиқармаган. Ушбу даврда Хитой янги бозорлар излади ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. “Иккала давлат янги даврда тил топишиш, иккала давлатга ҳам, дунёга ҳам фойда келтириш учун тўғри йўлни топиши керак”, - деган Хитой етакчиси Трампни табриклаб.
Шимолий Кореяликлар Россияга нима учун бормоқда?
Жорий йилнинг учинчи чорагида КХДРнинг 3765 нафар фуқароси Россия Федерациясига кириш мақсадини "ўқиш" сифатида кўрсатган.
Апрелдаги расмий маълумотларга кўра, КХДРдан атиги 130 нафарга яқин талаба Россияда таҳсил олган. КХДРдан Россияга "ўқувчилар" оқимининг кўпайиши Ғарб давлатлари ва Жанубий Корея разведкасининг Шимолий Корея ҳарбий хизматчиларининг Россия томонидан Украинага қарши урушда қатнашиш учун жалб қилинаётгани ҳақидаги хабарлари фонида содир бўлмоқда.
Турли манбаларга кўра, Россиянинг Курск вилоятида Шимолий Кореянинг 10 мингга яқин ҳарбий хизматчиси бўлиши мумкин. Аввалроқ Украина Қуролли кучлари ноябр ойи бошида КХДР ҳарбийлари билан биринчи жангга киришганини хабар қилган эди.
Ғазога 85 минг тоннадан кўп портловчи модда ташланган
Ўтган йил 7 октябрдан бери Исроил армияси Ғазо секторига 85 минг тоннадан ортиқ портловчи модда ташлаган. Афсуски, бу бомбалар Иккинчи жаҳон уруши давридагидан анча кучли. Бу ҳақда Атроф-муҳит сифати бўйича Фаластин маъмурияти маълум қилди.
– Ҳудудга ташланган портловчи воситалар қишлоқ хўжалиги ерларини бутунлай вайрон қилган, – дейилади баёнотда. – Заҳарли кимёвий моддалар билан ифлосланган ер ўнлаб йиллар давомида экин экишга яроқсиз ҳолга келган. Энг ачинарлиси, 43 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.
Бундан ташқари департамент секторда инсон ҳаёти ва ҳар қандай тирик организм учун хавф туғдирувчи фосфор бомбаси қўллангани, ер ости сувига қуйилган заҳарли моддалар ўнлаб йиллар давомида салбий таъсир кўрсатишини қайд этган.
Шунингдек, Исроил ҳужумлари оқибатида ушбу ҳафта икки кун ичида 50 нафардан ортиқ бола қурбон бўлган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларни қўллаб-қувватлайдиган агентлиги ва Исроил ўртасидаги муносабат расман тўхтатилди. Бу шундоқ ҳам оғир шароитда қолган аҳолининг ҳолатини ёмонлаштиради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/b1yeJHqbXrE" title="Trampning tinchlik rejasi, Ukraina va G‘azoning taqdiri" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Сардорбек Поёнов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА