Трампнинг қудаси иддаоли баёнот берди (+видео)
ВВС берган маълумотга кўра, АҚШнинг Франциядаги элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Элчи жаноблари эса Президент Дональд Трампнинг қудаси.
– Исроил танқид қилинган оммавий баёнотлар экстремистларни руҳлантиради, зўравонликни авж олдиради ва Францияда яшаётган яҳудийлар ҳаётини хавф остига қўяди, – деган Элчи Чарльз Кушнер. Унинг иддао қилишича, “Франция ҳукумати аксилсемитизмга қарши кураша олмаяпти”.
Айни баёнот Париж томонидан “нотўғри ва дипломатик меъёрга зид” деб қабул қилинди ва дипломат ТИВга чорланди. Элчининг ўғли Жаред Трампнинг қизи Иванкага уйланган. Кушнерлар – польяк яҳудийларидан бўлиб, Исроил манфаатини қўллаб-қувватловчи, Трампга яқин сиёсий доира вакиллари ҳисобланади. Францияда аксилсемитизм оммалашиши ва Макроннинг Исроилга қарши баёнотлари кўпчиликни кескин ҳаракат қилишга ундади, дея хулоса қилинмоқда. Шу воқеадан аввал Чарльз президент Эммануэль Макронга мактуб йўллаб, Париж айни салбий ҳолатга нисбатан зарур чора-тадбир кўрмаётганидан ташвиш билдирган. Мактуб мазмунини Кушнернинг ўзи оммага эълон қилди.
Чарльз Кушнер асли америкалик, қурилиш соҳаси ишбилармони, собиқ адвокат. Кейинчалик дипломатлик хизматига ўтган.
Wall Street Journal чоп этган мактуб матнида Макрон Исроилни танқид қилишни камайтиришга чақирилган. Шунингдек, ҳукумат Фаластинни тан олиш ҳақидаги баёнотлар мамлакатда аксилсемитизм оммалашишига сабаб бўлганини айтган. ТИВ хат эътибор билан ўрганилгани, “элчи билдирган айбловларни қабул қилиб бўлмаслиги” ва Франция аксилсемитизмга қарши курашда фаол эканини маълум қилди.
Вазирлик вакили Элчининг сўзлари “халқаро ҳуқуқ меъёрига, жумладан дипломатик ходимнинг бошқа давлат ички ишига аралашмаслик мажбуриятига зидлиги”ни қайд этган. Кушнернинг хати ҳафта бошида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу Макронга йўллаган бошқа бир мактубдан сўнг эълон қилинди. Маълумки, Нетаньяҳу Франция Президентини Фаластин давлатини БМТ Бош Ассамблеясида тан олиш нияти орқали аксилсемитизмни авж олдиришда айблади. Эммануэль Макрон ҳар доим Республика қадриятларига зид деб ҳисоблаб, мазкур таълимотни қоралаб келган. Сўнгги пайт эса Исроилнинг Ғазодаги урушини очиқ танқид қилувчи етакчилардан бири сифатида танилди. Хусусан, Макрон Исроилнинг Ғазо анклавидаги ҳарбий ҳаракатни кучайтириш режасини “яқинлашиб келаётган фалокат” деб атаб, вазиятни барқарорлаштириш учун БМТ мандати остида халқаро коалиция тузиш таклифини илгари сурган.
Францияда тахминан ярим миллион – Европадаги энг йирик яҳудий жамоаси истиқомат қилади. Кушнер ва Нетаньяҳу баёнотларида билдирилганидек, уларнинг ҳуқуқи ва эркинлигига тўсиқ қўядиган ҳолатлар қайд этилмаган. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълумоти ва статистикада аксилсемитизм билан боғлиқ қоидабузарлик аввалги йилларга нисбатан камайганини кўриш мумкин.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ynuL1ksYCl0" title="Trampning qudasi iddaolibayonot berdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА