АҚШ ва Украина раҳбарлари Рим Папаси Францискнинг дафн маросими олдидан қисқа учрашув ўтказган. Шундан сўнг Президент Дональд Трамп ҳамкасби Владимир Зеленский Қримни тинчлик келишуви доирасида Россияга беришга тайёр, деб ўйлашини айтди. Бу ҳақда BBC ёзди.
– “Украина етакчиси 2014 йил ноқонуний равишда аннекция қилинган жанубий ярим орол устидан назоратни Россия томонига беришга тайёр, деб ўйлайсизми?” мазмунидаги саволга Трамп “Фикримча шундай”, дея жавоб берган.
Украина ҳудудий мавзуда ҳеч қандай имтиёз берилмаслигини қайта-қайта такрорлаб, ерга оид масала фақат сулҳ келишувига эришилгандан кейин муҳокама қилиниши мумкинлигини таъкидлаб келади.
Зеленский ҳам, Путин ҳам Трампнинг сўнгги изоҳига очиқча муносабат билдирмади.
Кеча эрталаб Германия мудофаа вазири Борис Писториус Украина ўт очишни тўхтатиш эвазига ҳудудий имтиёз бериш назарда тутиладиган келишувга рози бўлмаслиги лозим, дея огоҳлантирганди.
Мусулмон Зиё, ЎзА