АҚШ Президенти Дональд Трамп Пентагонга террорчи деб эълон қилинган Лотин Америкасидаги гиёҳванд моддалар билан савдо қиладиган йирик уюшган жиноий ташкилотларга қарши ҳарбий куч ишлатишга тайёрланиш бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда "New York Times" ёзган.
Газета хабардор манбаларга таяниб ёзишича, тегишли махфий ҳужжат денгизда ва хорижда картелларга қарши тўғридан-тўғри амалиёт олиб бориш учун расман асос яратади. Шу билан бирга мақола муаллифлари халқаро ҳуқуқ ва Америка қонунчилиги нуқтаи назаридан бундай ҳатти-ҳаракат қонунийлигини шубҳа остига олган.
Нашр таъкидлашича ҳарбийлар аллақачон ҳаракатланиш вариантларини ишлаб чиқмоқда, бироқ Оқ уй, Пентагон ва Давлат департаменти айни ҳолат юзасидан қандай ҳуқуқий фикр билдиргани ҳалигача номаълум. Бу масала Адлия вазирлиги юридик бўлими томонидан кўриб чиқилганми ё йўқми, бу ҳам ноаниқ. Мудофаа вазирлиги вазиятга изоҳ беришдан бош тортган.
Қайд этилишича, Трамп биринчи президентлиги даврида Мексикадаги наркотик лабораторияларни портлатиш ғоясига “қизиққан”, бироқ бу расмий Мехико норозилигига сабаб бўлган эди. Шунга қарамай, ғоя республикачиларга маъқул келди ва 2024 йилги сайлов кампанияси мавзусига айланди. Сайловчилар билан учрашувларда Трамп “картелларга уруш эълон қилиш” учун махсус кучлар ва денгиз флотини юборишга ваъда берган.
С.Раҳимов, ЎзА