Президент Дональд Трамп бугун Россия ва Украина мавзусида «катта баёнот» беришга ваъда берган. Табиийки, бу маълумот Москва эътиборидан четда қолмади. Анча вақтдан бери илк бор Россия дронлари кун давомида Украинага зарба бермади. Таҳлилчилар фикрича, махсус баёнотдан олдин АҚШни безовта қилмаслик учун Кремль фаолликни пасайтирган.
CBS телеканали Америка етакчиси Украинага Жо Байден даврида келишилмаган қуролларни ҳам етказиб беришни маъқуллаши мумкинлигини ёзган. Шунингдек, Киевга музлатилган рус активларини топшириш имконияти ҳам муҳокама қилиняпти.
— Путинга янги босим ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам яқин, — дейди АҚШ таҳлил маркази эксперти "Financial Times"га берган интервьюсида.
Шунга қарамай, Америка сиёсатида кескин ўзгариш юз бериши амри маҳол. Газета ёзишича, янги «Патриот» ракеталари Украина шаҳарларини ҳимоя қилишни кучайтирса-да, уруш оқимини ўзгартириши ёки РФ ҳудудига зарба бериши даргумон.