Трамп маъмурияти: Эрон таҳдиди жиддий
Женевада навбатдаги ядровий музокара арафасида АҚШ расмийлари Эронни миллий хавфсизлик учун жиддий таҳдид сифатида кўрсатди. Вашингтон Яқин Шарққа йирик ҳарбий куч жойлаштирган бир пайт, икки томон делегацияси мулоқотнинг учинчи даврасига тўпланмоқда. Бу ҳақда “Reuters” ёзди.
Президент Дональд Трамп Конгрессдаги мурожаатида Теҳрон ядровий дастурини қайта жонлантираётгани, яқин орада АҚШ ҳудудигача етадиган ракеталар ишлаб чиқишга уринаётгани ҳақида иддао қилди. Бунинг ортидан "келишувга эришилмаса, Эрон учун “жуда ёмон кун” келиши"дан огоҳлантирди. Ислом Республикаси эса эҳтимолий ҳужумга жавобан минтақадаги Америка базалари нишонга олинишини билдирган.
Давлат котиби Марко Рубио ядровий инфратузилмага зарба берилганига қарамай, Эрон объектларни тиклашга уринишда давом этаётганига урғу берди. Унинг таъкидлашича, Теҳрон АҚШ манфаатига таҳдид солувчи кўп сонли баллистик ракетага эга ва ушбу қуролларнинг айримлари Европагача етиб боради.
Вице-президент Жей Ди Вэнс эса АҚШнинг қарашини қисқа ифодалади: Эронда ядро қуроли бўлмаслиги керак. Вашингтон ракета масаласи музокара кун тартибидан четда қолмаслигини истамоқда. Теҳрон эса бу мавзу муҳокамасини рад этяпти.
Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Аббoс Арағчий Женевага етиб келгач, Ўмон ташқи ишлар вазири Бадр Ал-Бусаидий билан учрашиб, санкцияни бекор қилиш мавзусини муҳокама қилди ва ядровий масала бўйича ўз шартларини ҳам илгари сурди. Хуллас, музокара ҳарбий босим ва ҳар томондан кескин баёнотлар асносида бошланмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА