Трамп Исроил – ХАМАС тинчлик сулҳини бузмоқчими?
АҚШ Президенти Дональд Трамп агар шанба куни тушга қадар Ғазода ушлаб турилган қолган барча гаровга олинганлар озод қилинмаса, хавфли ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув бекор қилиниши кераклигини айтди. Шу билан бирга у қандай йўл тутиш Исроилга боғлиқлигини ҳам киноя билан қўшимча қилиб қўйган. Бу маълумотни “Euronews” тарқатди.
– Бу менинг шахсий фикрим, Исроил хоҳласа, бошқача йўл тутиши мумкин, – деган Трамп.
Америка етакчиси журналистларга бир неча фармойиш имзолагандан сўнг берган изоҳида “асирлар тирик бўлмаса, жаҳаннам бошланиши”ни таъкидлаб, гаровдаги кўпчилик аллақачон ўлган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Трампнинг бу ёндашуви 15 ойлик урушдан сўнг Ғазода Исроил ва ХАМАС томонидан тинчлик сари қўйилган қадамларни хавф остида қолдириши мумкин.