Трамп: Бугун “воқеаларга бой” кун бўлади
АҚШ Президенти Дональд Трамп Оқ уйда Европа Иттифоқи етакчилари ва Владимир Зеленский билан Украина масаласини ҳал қилиш бўйича учрашув олдидан “жуда муҳим кун” эълон қилди.
“Эртага (баёнот берилган пайт Вашингтонда якшанба оқшоми эди - таҳририят.) Оқ уйда алоҳида кун. Бунчалик кўп европалик етакчилар билан бир вақтнинг ўзида учрашмаганман. Уларни қабул қилиш мен учун шараф. Сохта оммавий ахборот воситалари Президент Трамп учун "Европанинг жуда кўп, ажойиб етакчиларини "бизнинг гўзал Оқ уйимиз"да қабул қилиниши йирик мағлубият, дейишмоқда. Аслида, бу Америка учун мислсиз шараф” деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
CNN телеканали манбаларга таяниб ёзишича, 18 август куни Оқ уй раҳбари Дональд Трамп Вашингтонда Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашади. Учрашувда илгари Зеленский билан жанжаллашиб қолган вице-президент Жей Ди Венс ҳам иштирок этиши ҳақида хабар берилди.
Шунингдек, мулоқотда Германия Канцлери Фридрих Мерц, Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер, Франция Президенти Эммануэль Макрон, Италия Бош вазири Жоржа Мелони, Финляндия Президенти Александр Стубб, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва НАТО Бош котиби Марк Рютте ҳам иштирок этиши маълум қилинган.
“Bild” нашри қўшимча қилишича, Трамп аввалига Зеленский билан, кейин эса Европа етакчилари билан яккама-якка учрашади.
С.Раҳимов, ЎзА