“Трамадол“ нима? Уни нега истеъмол қилишади?
Шифокор тавсиясига кўра беморларга кучли оғриқ қолдириш мақсадида берилади.
“Трамадол“ дори таблеткаси ўз таркибида “опий“ гуруҳига мансуб бўлган наркотикларни сақлайди ва албатта тиббий мақсадда қўлланиши шарт бўлган дори воситаси ҳисобланади. Шифокор тавсиясига кўра беморларга кучли оғриқ қолдириш мақсадида берилади.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, бу дори шифокор тавсиясисиз ўзбошимчалик билан истеъмол қилинса ўзига нисбатан қарамликни келтириб чиқаради. Ва уни истеъмол қилган шахс пассив гиёҳвандга айланади – улар ҳам руҳан, ҳам жисмонан танани бардам ҳис қилишлари учун бу каби дорини мунтазам равишда истеъмол қилишга мажбур бўлишади. Энг ёмони дастлаб бир суткада битта таблетка истеъмол қилган шахс, кейинчалик ўн-ўн бешта, маълум муддатдан сўнг элликтагача дори истеъмол қилиш даражасига етиб боради. Натижада инсон организми ва руҳиятида кучли ўзгаришлар юз беради. Қолаверса, бундай психатроп моддалар меъёридан ортиқ истеъмол қилинса бепуштликка ҳам олиб борар экан.
Айримлар, айниқса ёшлар қизиқувчанлик қилиб, ахир бу таблеткаку дея, уни истеъмол қилишга қизиқиб кўришади. Бундай қарор умуман нотўғри. Боиси, “Трамадол“ жудаям кучли, синтетик наркотик моддалар туркумига киради. Уни истеъмол қилиш оқибатида организмда кўникма ҳосил бўлиб, бора-бора гиёҳвандлик касалига дучор қилади.
Афсуски, тиббиётда шифо учун қўлланилиб келинган “Трамадол“ дори воситасини бошқа мақсадда фойдаланиш тобора авж олиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари бугунги кунда унинг ўрнини босадиган бошқа дори воситалари мавжудлиги ва уни яхшиси умуман истеъмол қилмасликни тавсия қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Трамадол“ мамлакатимизда савдоси тақиқланган наркотик моддалар рўйхатига киритилган ва унинг савдоси қонун билан қатъиян тақиқланган.