Тожмаҳал — муҳаббат ва мангулик тимсоли
Аградан таассуротлар. Ҳиндистон... Бу мамлакат ҳақида ўйлаганда кўз олдимизда ранг-баранг маданият, қадимий цивилизация, улкан тарих ва бетакрор меъморий обидалар гавдаланади. Аммо Ҳиндистоннинг юрагида шундай бир маскан борки, уни кўрмай туриб бу юрт ҳақидаги тасаввурни тўлиқ деб бўлмайди. Бу — Агра шаҳридаги дунёга машҳур Тожмаҳал.
Айни кунларда Ҳиндистонда BRICS саммити арафасида халқаро ҳамкорлик, мулоқот ва ахборот алмашинуви муҳити тобора жонланмоқда. Саммитни ёритиш мақсадида турли мамлакатлардан келган журналист ва блогерлар ҳам Ҳиндистоннинг нафақат сиёсий, балки бой маданий мероси билан танишиш имконига эга бўлмоқда.
20 га яқин давлатдан 60 га яқин журналист ва блогер иштирок этаётган ушбу халқаро медиа гуруҳ таркибида Ўзбекистондан келган журналист ва блогерлар ҳам бор. Бугун уларнинг сафар манзили қадимий Агра шаҳри бўлди.
Агра номининг ўзидаёқ тарих нафаси уфуриб туради. Ҳиндистоннинг шимолидаги Уттар-Прадеш штатида, Жамна (Ямуна) дарёсининг ўнг соҳилида жойлашган Агра шаҳри XVI-XIX асрларда Бобурийлар пойтахти бўлган. Акбар ва Шоҳ Жаҳон даврида, айниқса, равнақ топган. Аграда XVI-XVII асрларга доир мусулмон меъморчилигининг ажойиб ёдгорликлари сақланиб қолган.

Аграда Шарқ меъморчилигининг ажойиб намунаси бўлган Тожмаҳал жойлашган. Дунёнинг ноёб мўъжизаларидан бири сифатида эътироф этиладиган Тожмаҳал Бобурий шаҳзода Шоҳ Жаҳон томонидан, унинг суюкли рафиқаси Мумтоз Маҳал бегим хотирасига бағишлаб барпо этилган. Мажмуа хиёбонлар ва катта боғ билан қуршалган. Бу ерга қадам қўяр экансиз, аввал унинг улканлиги эмас, балки ҳайратланарли нафосати эътиборингизни тортади. Оқ мармардан бунёд этилган иншоот гўё осмон билан ер ўртасида муаллақ тургандай таассурот уйғотади.

Журналистлар ва блогерлар Тожмаҳал ҳудудига кириб келар экан, фотоаппарат ва смартфонлар бир зумда ишга тушди. Ҳамма бу мўъжизанинг ўз нигоҳидаги суратини тарихга муҳрлашга ошиқарди. Кимдир меъморий уйғунликни тасвирга олса, яна кимдир оқ мармарда акс этган қуёш нурларини, яна биров Тожмаҳалнинг узоқдан кўринадиган салобатини кузатарди. Чунки Тожмаҳални бир марта кўришнинг ўзи кифоя қилмайди. Уни томоша қилган сари янги бир жиҳати намоён бўлади.
Асрлар оша яшаб келаётган муҳаббат
Тожмаҳалнинг тарихи XVII асрга бориб тақалади. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, Асосий мақбара қурилиши 1632 йилда бошланган ва 1648 йилда якунланган. Мажмуа таркибидаги масжид, меҳмонхона, бош дарвоза ва бошқа қисмлар эса кейинроқ, 1653 йилга келиб тўлиқ барпо этилган. Шу боис Тожмаҳал асрлар давомида нафақат меъморчилик санъатининг буюк намунаси, балки муҳаббатнинг тошга муҳрланган тимсоли сифатида ҳам тилга олинади.
Шоҳ Жаҳоннинг рафиқаси Мумтоз Маҳал 1631 йилда вафот этган. Орадан бир йил ўтиб, унинг хотирасига бағишланган улуғвор иншоот қурилиши бошланган. Бугун эса орадан қарийб тўрт аср ўтиб, бу муҳаббат достонини дунёнинг турли бурчакларидан келган миллионлаб инсонлар ўқиб эмас, кўриб ҳис қилмоқда. Тожмаҳалнинг асосий биноси оқ мармардан барпо этилган. У Ямуна дарёсининг ўнг соҳилида, қарийб 17 гектарлик улкан боғ мажмуаси бағрида жойлашган. ЮНЕСКО уни ҳинд-ислом меъморчилигининг энг буюк ютуқларидан бири сифатида баҳолайди.
Унинг меъморий қиёфасидаги мутаносиблик, симметрия, гумбазлар, аркалар ва баланд миноралар бир-бири билан шу қадар уйғунлашганки, бино гўё бир бутун мусиқий асар каби кўринади. Айниқса, тўрт томонда қад ростлаган миноралар ва марказдаги улкан гумбаз Тожмаҳалга бетакрор салобат бағишлайди.

Қизиғи шундаки, бу обидага турли вақтда турлича тус киради. Эрталабки ёруғликда у нозик ва майин кўринса, кундузи қуёш нурлари остида оппоқ мармар янада ёрқинлашади. Кечга яқин эса унинг туси бироз ўзгариб, гўё табиат билан бирга нафас олаётгандек таассурот уйғотади.
1983 йилда Тожмаҳал ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Унинг қурилишида нафақат Бобурийлар салтанати ҳудудларидан, балки Марказий Осиё ва Эрондан келган моҳир усталар, тош кесувчилар, наққошлар, хаттотлар ва бошқа ҳунармандлар ҳам иштирок этган. ЮНЕСКО маълумотларида Тожмаҳалнинг асосий меъмори сифатида Устод Аҳмад Лоҳурий номи қайд этилган.
Қадимий Шарқнинг турли ҳудудларидан келган меъморий анъаналар бир нуқтада — Аграда учрашган. Натижада эса асрлардан ошиб, бутун инсониятга тегишли бўлиб қолган меъморий дурдона вужудга келган. Бугун Тожмаҳал олдида туриб, бир ҳақиқатни яна бир бор англайсиз: буюк санъатнинг чегараси бўлмайди.

Тожмаҳалга ташриф буюрган халқаро журналистлар учун бу оддий туристик саёҳат эмас. Улар дунё миқёсидаги муҳим сиёсий тадбир — BRICS саммитини ёритиш учун Ҳиндистонга келган. Бироқ, журналист учун мамлакатни англаш фақат расмий учрашувлар, баёнотлар ва сиёсий музокаралар билан чекланмайди. Миллатнинг руҳини англаш учун унинг тарихи, маданияти ва халқ ҳаётини кўриш ҳам муҳим. Аградаги бу ташриф ана шу маънода алоҳида аҳамият касб этди.
Кечаги тарих билан бугунги кун бир нуқтада туташди. Бир томонда — дунё иқтисодиёти ва сиёсатининг долзарб масалаларини муҳокама қилаётган замонавий Ҳиндистон. Иккинчи томонда эса — қарийб тўрт асрдан буён инсонларни ҳайратга солиб келаётган Тожмаҳал. Бири келажак ҳақида сўзлаётган бўлса, иккинчиси ўтмишнинг буюк сабоқларини эслатиб туради. Аммо иккаласини бирлаштириб турган жиҳат бор. Бу Ҳиндистоннинг дунёга очиқлиги ва ўзининг улкан тарихий-маданий меросини намойиш этаётганидир.
Оқ мармар — қоғоз, нақшлар — сўз, гумбаз — мисра, бутун мажмуа эса асрлардан бери ўқилаётган улкан достондек. У достоннинг бош қаҳрамони эса муҳаббат. Шоҳ Жаҳон Мумтоз Маҳалга бўлган муҳаббатини улкан мақбарада абадийлаштирмоқчи бўлган. Аммо орадан асрлар ўтиб, Тожмаҳал бутун инсониятнинг умумий меросига айланди.

Шу боис бугун Аграга келган журналист ва блогерларнинг ҳайратини фақат камера объективларида эмас, уларнинг нигоҳида ҳам кўриш мумкин эди. Ҳар бир нигоҳ — асрлар оша бизга етиб келган мўъжизага берилган баҳо.
Тожмаҳал олдида туриб, инсон беихтиёр бир нарсани ўйлайди: замон, давлатлар, сиёсий хариталар ўзгаради, аммо ҳақиқий санъат ва инсон қалбидан туғилган буюк туйғулар яшайверади. Аградаги мўъжиза эса бу ҳақиқатни ҳар куни исботлаб турибди. Тожмаҳал муҳаббатнинг тошдаги қасидаси, вақт устидан қозонилган ғалаба ва инсоният гўзаллик ярата олишининг абадий далилидир.
Бобур номи янграган лаҳза
Тожмаҳал ҳақидаги ҳикоямиз яна бир жиҳати билан ёдда қоларли бўлди. Бизга обида тарихи, унинг меъморий хусусиятлари, Шоҳ Жаҳон ва Мумтоз Маҳал муҳаббати ҳақида сўзлаб бераётган гид Бобур бобомиз ҳақида ҳам алоҳида тўхталди. Унинг Ҳиндистон тарихи, хусусан, Бобурийлар сулоласи ҳақида гапириши, Ўзбекистон номини тилга олиши биз — ўзбекистонлик журналист ва блогерларга ўзгача ҳис берди. Буни сўз билан ифодалаш қийин.

Зеро, ўзга юртда, дунёга машҳур Тожмаҳал сингари буюк тарихий обида қаршисида туриб, узоқ асрлар аввал шу заминда ўз изини қолдирган бобокалонимиз — Заҳириддин Муҳаммад Бобур номининг тилга олиниши қалбимизда беихтиёр фахр ва ғурур уйғотди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА
Деҳли, Ҳиндистон.